Қирғизистонда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққанларнинг ўтовлари бузиб ташланди

google.ru/maps сайти тасвири

6 октябрга ўтар кечаси полиция ходимлари Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган туманида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишига қарши чиққан фуқаролар ўрнатган ўтовларни бузиб ташлади. Бу ҳақда аҳолининг видеомурожаатига таяниб, Kloop.kg хабар беради.

Уларнинг сўзларига кўра, Қизил-Октябрь қишлоғида ўтовлар ўрнатилган. Уларни бузишда 50 га яқин полициячи қатнашган. Улар айрим намойишчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатишган.

«Халқни ҳимоя қилиши керак бўлган полиция, аксинча, уларни қийнамоқда. Бу нима? Ҳуқуқимизни поймол қилишди, оёқ ости қилишди – бу ваҳшийлик, қонун бузилишидир. Биз қонунни ҳурмат қилдик ва уларга жисмонан қаршилик кўрсатмадик», — дейилади видеода. Шунингдек, улар полициячилар ўтовларни олиб кетаётгани акс этган тасвирларни тақдим этишган.

6 октябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида полициячиларнинг тунги ташрифи ҳақида депутат Адахан Мадумаров ҳам маълум қилди.

«Халқнинг норозилиги кучайди. Улар ўзларининг қандайдир тадбирларини уюштиришган, бироқ эрталаб соат бирда милиционерлар келиб, куч ишлатиб, ўтовларни бузиб ташлашган. Кампир-Обод билан боғлиқ вазиятга масъул шахснинг парламентга келишини ва вазият кескинлашмасдан олдин маълумот беришини талаб қиламан», — дейди у.

Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси нашрга маълум қилишича, полиция жамоат тартибини таъминлаш учун шундай чоралар кўрган.

4 октябрь куни вилоятнинг Ўзган туманида Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ўртасида Кампиробод сув омбори муаммоси юзасидан маҳаллий аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди. Хабар берилганидек, тадбир иштирокчилари томонидан унинг ташкил этилиши юзасидан шикоятлар бўлган, бундан ташқари, уларнинг ҳаммаси ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ололмаган.

Кампиробод сув омбори Ўш вилоятининг Қора-Сув ва Ўзган туманлари ҳудудида жойлашган. Бу республиканинг Ўзбекистон билан чегарасидаги баҳсли ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ўтган йил баҳорида томонлар ана шундай баҳсли барча ҳудудлар бўйича келишиб олишга муваффақ бўлганини эълон қилганди. Бошқа нарсалар қаторида Кампиробод (Андижон) сув омбори ҳам тасвирланган. Тўғонни Ўзбекистон ҳудудида қолдиришга қарор қилинган, агар икки давлат сув омборининг сув ресурсларини биргаликда тасарруф қилса, Ўзбекистон томони унинг косаси атрофида иншоотлар ўрнатмаслик мажбуриятини олади (яъни маҳаллий аҳоли сувдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлмайди).

Бироқ Қирғизистоннинг Қора-Сув туманидаги Интамак қишлоғи аҳолиси бунга қарши чиққан ва муддатсиз норозилик акциясини ўтказган. Қишлоқ аҳолиси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Ташиев (у ҳам чегаранинг айрим участкаларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия раиси бўлган, ҳудудларни алмашиш тўғрисида протокол имзолаган) билан учрашишни талаб қилишган. Ташиев қишлоққа келиб, ватандошларини ер алмаштириш зарурлигига ишонтирмоқчи бўлган, бироқ улар МХДҚ раҳбарининг важларига қўшилишмаган. Натижада Ташиев ўзбек томони билан келишув шартларини ўзгартириш ҳақида гаплашишга ваъда берган.

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки давлат ҳукумат делегациялари янги битим лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш баённомасини имзоладилар. Бироқ расмийлар ҳужжат мазмунини эълон қилмаган, бу эса маҳаллий аҳолининг янги норозилигига сабаб бўлди.

6 октябрь куни президент Садир Жапаров ижтимоий тармоқларда протоколнинг айрим тафсилотларини ошкор қилди. Унинг айтишича, хусусан, Кампиробод сув омборидаги тўғонни қирғиз-ўзбек корхонаси бошқаради.

«Худо хоҳласа, тез орада шартномани имзолаймиз ва у парламент томонидан тасдиқланади. Шартнома тузилганидан кейин Қирғизистонга ўтадиган участкалар ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинади. Умуман олганда, баҳсли ҳудудларнинг 99 фоизи бизга ўтказилди. Кампиробод сув омбори Ўзбекистон томони назоратида эди, аммо энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз ва тўғонни биргаликда бошқарамиз.

Горизонтдаги сув сатҳи 908 дан 900 га туширилди. Шунда 1246 гектар ер бўшаб, бизга берилади. Маҳаллий аҳоли ҳамиша бу ердан деҳқончилик учун фойдаланади», — деб ёзади давлат раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ