Афғонистондаги вазият фонида Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базалари ҳамда инқирозга қарши курашувчи бошқа кучларнинг жанговар тайёргарлигини оширмоқда. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар ҳарбий идоралари раҳбарларининг йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Россия Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Шойгу «ИШИД»* ва «Ал-Қоида»* халқаро террорчилик ташкилотлари фаоллашиб бораётган Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашаётгани, диний радикализм мафкураси сингдирилаётгани, наркотрафик ва трансчегаравий жиноятлар авж олаётганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Россия Афғонистонни тартибга солиш бўйича ҳар қандай халқаро ташаббусларни маъқуллайди ва шу билан бирга Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради.
Жумладан, Шойгу июнь ойида Москвада Марказий Осиё давлатлари ва Россия мудофаа вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтгади, унда Афғонистон йўналишидаги вазият ва уни барқарорлаштириш йўллари кўриб чиқилганини таъкидлади.
«Биз бундай учрашувлар ШҲТ платформасида, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтиришда қўл келишига ишонамиз. Қолаверса, Афғонистон ШҲТда кузатувчи давлат ҳисобланади», — деди Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари.
Шойгу кузда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) орқали Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бир қатор маневрлар ўтказилишини айтди. Келгуси йилда Россияда ШҲТ давлатларининг «Тинчлик миссияси-2023» қўшма ҳарбий аксилтеррор қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилади.
Шойгу «тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ШҲТнинг асосий устувор йўналиши бўлиб қолаётганини» қайд этиб, қуйидаги вазифаларга эътибор қаратишни таклиф қилди:
👉 ШҲТ доирасида ҳарбий хавфсизлик соҳасида тезкор ахборот алмашиш механизмини ишлаб чиқиш;
👉 Ташкилотнинг ҳарбий салоҳияти самарадорлигини ошириш, ШҲТ Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги эксперт ишчи гуруҳига ҳамкорликнинг дронлар билан курашиш, ахборот ва биологик хавфсизлик каби истиқболли йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқлар бериш;
👉 қўшинларнинг тайёргарлиги ва қўшма машғулотлар амалиётини такомиллаштириш, ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш.
Шойгу декабрь ойида Москвада ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар, шунингдек, бошқа дўст давлатлар мудофаа вазирларининг хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказишни таклиф қилди.
Учрашув 24 август куни Тошкентда 15-16-сентябрь кунларига мўлжалланган саммитга тайёргарлик доирасида ўтказилмоқда. Унда ШҲТга аъзо давлатлар – Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Ўзбекистон, Тожикистон, шунингдек, Беларуснинг ташкилотда кузатувчи давлат сифатидаги вакиллари иштирок этмоқда.
ℹ️ Қирғизистонда Россиянинг «Кант» ҳарбий авиабазаси мавжуд. У Чуй вилоятида жойлашган, Су-25СМ самолётлари ва Ми-8МТВ вертолётлари шу ерда жойлашган.
ℹ️ 201-ҳарбий база Тожикистонда фаолият кўрсатади — бу Россиянинг хорижда жойлашган энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. Бу ерда мотоқуролли, танк, артиллерия ва зенит бўлинмалари (ҳаво мудофааси), шунингдек, разведка, алоқачилар, радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари жойлашган. Ҳарбий хизматчилар Душанбе ва Бохтар (собиқ Қўрғон-тепа) шаҳарларидаги гарнизонларда жойлашган.
*Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).