Қирғизистонда коронавирус инқирози важидан Жээнбеков устидан прокуратурага шикоят қилдилар

Раушан Айткулова. Унинг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

Қирғизистон Бош прокуратурасига республиканинг амалдаги президенти Сооронбай Жээнбековни ҳамда бошқа юқори мартабали давлат амалдорларини мамлакатда юзага келган эпидемиологик вазият ҳамда ҳар кунлик ўлимлар учун жавобгарликка тортиш тўғрисида шикоят аризаси келиб тушди, дея хабар беради Kaktus.Media.

Аризани 13 июль куни фуқаро Раушан Айтқулова берган ва ҳужжат прокуратуранинг умумий бўлимида рўйхатга олинган, дея маълум қилдилар назорат идорасида.

«Фатиха» жамғармасининг президенти, журналист Раушан Айтқулова ўзининг Facebook саҳифасида мамлакат президентини жиноий жавобгарликка тортиш лозимлиги тўғрисида ёзиб, Change.org сайтида унинг импичменти учун имзолар тўплашни бошлаган. Янгиликлар ёзилаётган пайтга келиб петицияни 845 киши имзолаган.

Айтқулова петициянинг рўйхатга олинишини кичик ғалаба деб атамоқда, унга кўра, кейинги қадамни 40 нафар депутатлар ва бош прокурор Откурбек Жамшитов амалга оширишлари лозим. Улар президентни лавозимдан маҳрум қилиш бўйича махсус комиссиясини тузиш учун парламентнинг навбатдан ташқари сессиясини чақиртиришлари керак. “Қонун бош прокурорга зудлик билан текширувга шахсан киришишга ҳамда қўйилган айбловлар бўйича давлат раҳбари зиммасига масъулиятнинг қанча улуши тушишини аниқлаш имкониятини беради”, деб ёзади Айтқулова.

“Майли, парламент Жээнбеков учун чўнтак парламентига айланган, бош прокурор эса унинг оиласига учун ўз одами бўлиб қолган бўлсин: қонундан ҳеч ким юқорида тура олмайди! Биз ўз ҳуқуқимизни талаб қилиб олишимиз керак”, — дейди аризачи. Аризада у мансабдор шахсларни судга тортиш учун учта сабабни санаб ўтди: ҳаёт учун муҳим бўлган медицина препаратлари ва жиҳозларига нархлар бўйича давлат томонидан тартибга солиш механизми йўқлиги; COVID-19 билан касалланган беморлар учун етарли койка-ўринлари ва стационарларнинг йўқлиги; Ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари (ИВЛ), кислород концентраторлари ва пульсосксиметрлар (қоннинг кислород билан сатурацияси даражасини ўлчайдиган асбоб) билан етарли миқдорда таъминланмагани.

Аризачига кўра, бунинг учун амалдаги ва собиқ бош вазирлар жавоб беришлари керак, прокуратура эса пандемия даврида “уларнинг ўз хизмат мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдалангани, ўзларининг хизмат вазифаларини қасддан бажармагани” бўйича текширув ўтказиши шарт.

Айтқуловага кўра, ҳозирча бош назорат органи “содир бўлаётган ишларни адекват равишда қабул қилмоқда”. “Прокуратура (вазиятнинг фавқулоддалиги ва жамиятда улкан аҳамиятга эгалиги муносабати билан) судгача текширув кимга топширилгани ҳамда тергов гуруҳининг таркибини тезроқ эълон қилгани тўғри ва оқилона иш бўлган бўларди, ахир халқ назорат органларидан таъсирчан ва амалий чораларнинг амалга оширилишини кутмоқда”, — дейди журналист.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинишнинг 11,5 мингдан зиёд ҳолатлари қайд этилган, 149 киши инфекциядан ҳалок бўлдилар, 4995 нафар бемор соғайиб кетди. Бишкекда сўнгги кунларда дорихоналар ёнида навбатлар тизилаётгани кузатилмоқда, одамлар керакли дорини олиш учун бир неча соатлаб кутишга мажбур бўлиб туришибди. Мамлакат бош вазири Қубатбек Бўронов ишонтиришича, дори воситаларининг танқислигини чайқовчилар сунъий тарзда келтириб чиқаришмоқда. У керакли дори воситаларини Россия, Хитой, Покистон ва Ҳиндистондан етарли миқдорда сотиб олишни ваъда қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ