Вашингтонда баъзи одамлар атайин ўзларига коронавирусни юқтира бошладилар

Вашингтондаги Уолла-Уолла округи. Wikipedia.org сайтидан Squarestate7 фойдаланувчининг архив фотосурати

Вашингтонда айрим одамлар махсус «коронаоқшомлари»ни уюштириб, унга мулоқот чоғида бошқаларга ҳам юқиши учун касалликка чалинган кишиларни таклиф қилмоқдалар. Бу ҳақда шаҳар жанубида жойлашган Уолла-Уолла округи раҳбарияти маълум қилади.

Кеча иштирокчилари тезроқ касалликни юқтириб, кейин ундан фориғ бўлишни истайдилар. Улар карантин туфайли чекловлар жорий қилинган даврда тезроқ ишга қайтиш учун шундай йўл тутмоқдалар.

Ҳозир округда 90 нафар одамнинг коронавирусга чалингани қайд этилган. Улардан 25 киши мана шундай уюштирилган «оқшомда» иштирок этганини тан олади. «Биз бу кечалар қачон ўтишини билмаймиз, – дейли округ соғлиқни сақлаш бошқармасининг раҳбари Меган ДеБолт. – Биз одамлар вирусга чалинганидан кейингина бундай кечалар уюштирилаётганидан хабардор бўламиз».

Ҳукумат онгли равишда бундай усул билан касаллик юқтирилишига қарши чиқмоқда, зеро касалликдан тузалган одамда иммунитет ҳосил бўлишига доир аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Улар шунингдек, бундай кечаларда иштирок этаётган ёшларни огоҳлантирадилар. Чунки ёшларда касаллик енгил формада кечишидан умид қилаётганларда инфекция оғир формаларга ўтиб кетмаслигига биров кафолат бермайди.

Айрим мамлакатларда, жумладан Чили ва Буюк Британияда касалликдан тузалган одамларнинг карантин чекловларидан озод этилиб, ишга қайтишлари учун «иммун паспортлари» – сертификатлар берилиши масаласи ўртага қўйилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши иммунитетнинг ҳосил бўлишига доир маълумотларнинг етарли даражада эмаслигига таянган ҳолда мазкур ташаббусни қўллаб-қувватламади.

Аслида, аввалари ҳам бу айрим ота-оналар болаларининг, жумладан, қизамиқни юқтириб, тезроқ болалигида тузалиб кетиши учун бу каби «оқшомлар»ни уюштириб келганлар. Бундай тадбирлар мавжуд касалликларга қарши вакциналар яратилмаган даврга қадар ҳукм сурган. Бироқ, ҳозирда ҳам эмлашга қарши бўлган айрим одамлар ушбу усулни ёқлаб чиқадилар. АҚШ касаллик тарқалишини назорат қилиш маркази ота-оналарни бундай усулдан фойдаланмасликка чақиради, зеро болаларда ҳам касаллик оғир кечиши мумкин. Эмлаш тадбирлари эса энг яхши ҳимоя воситаси эканига урғу берилади.

Экспертлар «иммун паспортлари»нинг расман жорий этилиши «коронаоқшомлар» уюштирилишига туртки бўлишини башорат қилгандилар. Чунки, касаллик енгил кечишидан умидвор ёшлар ишга қайтиш учун тезроқ касалликни юқтириб, сўнг тузалиб кетиш етарли дея умид қиладилар.