Туркия ҳукумати мухолифатчи деб ҳисобланадиган Halk TV телеканалининг Истанбулдаги идорасини ёпиб, ушбу ОАВга ўз вакилини раҳбар этиб тайинлади. 14 октябрь куни эрталаб полиция телеканал идорасида тинтув ўтказган ва унинг 17 нафар вакилини ҳибсга олиш учун ордерлар расмийлаштирган. Телеканал эфирга узатишни тўхтатди. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар берди.
Операцияни молиявий жиноятларни тергов қилувчи полиция бўлинмаси ходимлари ўтказган. Туркия прокуратураси тинтувлар Halk TV раҳбари Жафер Махироглуга нисбатан жиноий таъқиб билан боғлиқлигини маълум қилди. У коррупция, тендерларда фирибгарлик қилиш ва пул ювишда айбланмоқда. Телеканалга алоқадор бошқа гумонланувчилар ҳам ушбу иш бўйича тергов қилинмоқда.
Мамлакатдаги манбаларнинг таъкидлашича, Махироглу ҳозирда Туркия ташқарисида. У ижтимоий тармоқлар орқали вазиятга муносабат билдириб, телеканал халққа тегишли эканини, ҳукумат уни эгаллаб олиш ва «ўз одами» бошқарувига ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслигини ёзган.
Halk TV мухолифатдаги Республика халқ партиясига яқин телеканал ҳисобланади. У мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилик қилаётган Адолат ва тараққиёт партияси сиёсатини тез-тез очиқ танқид қилиб келади.
Телеканал сайтида бошқа сиёсий бирлашмалар етакчиларининг фикрлари ҳам эълон қилинган. Жумладан, мухолифат вакили Бугра Кавунжу ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатларини «телеканални рейдерлик йўли билан эгаллаб олиш» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Туркия «ҳокимиятга чанқоқ режим» етиб бориши мумкин бўлган энг хавфли нуқтада турибди.
Халқлар тенглиги ва демократия партияси раҳбарияти ҳам телеканалнинг ёпилишини қоралади ва расмий Анқарани мустақил матбуотга нисбатан тазйиқларни тўхтатишга чақирди. Сиёсий ташкилот ҳамраиси Тюлай Хатимогуллари Halk TV'га «ишончли бошқарувчи» тайинланишини мухолифат оммавий ахборот воситаларини бўғишга қаратилган очиқ сиёсий аралашув деб атади.
«Журналистларнинг ҳибсга олинишига, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларнинг блокланишига, шунингдек, мухолифат телеканалларига ишончли вакилларнинг тайинланишига олиб келаётган бу менталитет Туркияни зулматга ғарқ этмоқда», — деб ёзган у.



