Сбербанкнинг собиқ бошқарув раиси ўринбосари ва Solfy Rus компанияси Ўзбекистонга қарши 100 млн доллардан ортиқ суммада даъво аризасини берди

Максим Полетаев. kommersant.ru сайти фотосурати

Сбербанк бошқаруви раисининг собиқ биринчи ўринбосари Максим Полетаев ва у асос солган Solfy RUS LLC компанияси Ўзбекистонга қарши Инвестициявий низоларни ҳал қилиш халқаро марказида (ИНҲХМ) арбитраж ишини бошлади. Бу ҳақда Spot.uz нашри хабар беради.

Арбитраж ишини бошлаш тўғрисидаги сўров 2026 йил 23 сентябрда рўйхатдан ўтказилган. Даъвогарлар 100 миллион доллардан ортиқ миқдорда компенсация талаб қилмоқда.

ИНҲХМ маълумотлар базасига кўра, низонинг предмети «истеъмолчиларни молиялаштириш платформаси», иқтисодий сектори эса «молиявий» деб кўрсатилган. Жавобгар сифатида Ўзбекистон кўрсатилган. Иш юритишга Ўзбекистон ва Россия ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим асос бўлган. Ушбу битим 2013 йил 17 июнда кучга кирган. Ҳужжат инвесторларни экспроприациядан ҳимоя қилади ва низоларни халқаро арбитражга олиб чиқиш имконини беради.

Максим Полетаев ва Solfy RUS LLC манфаатларини Amsterdam & Partners LLP ва ELWI юридик фирмалари ҳимоя қилмоқда. Ўзбекистон манфаатларини Адлия вазирлиги ҳимоя қилмоқда.

Solfy 2020 йили Ўзбекистон бозорига Ўзбекистон Миллий банки (Миллий банк) билан ҳамкорликда кириб келган. Томонлар фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш карталарини чиқариш лойиҳасини йўлга қўйган бўлиб, улар орқали товарларни 12 ойгача бўлган муддатда фоизсиз харид қилиш мумкин бўлган. Solfy технологик ҳамкор сифатида операцион фаолият, маркетинг ва савдо ҳамкорлари тармоғини ривожлантиришни таъминлаган, Миллий банк эса молиялаштириш учун масъул бўлган. Карталарни чиқариш 2022 йилда бошланган. Ҳамкорлар 1 миллиондан ортиқ карта чиқариш ва мамлакатдаги энг йирик чакана савдо тармоқларини тизимга улашни режалаштирган.

Бироқ, кейинчалик ҳамкорлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган. Право.ru ёзишича, Amsterdam & Partners асосчиси Роберт Амстердам «давлат билан боғлиқ шахслар бизнеснинг 70 фоизини компенсациясиз уларга беришни талаб қилганини, рад жавобини олганларидан сўнг эса компанияга қарши суд, солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи механизмлар ишга солинганини» айтган.

2024 йил декабрь ойида Тошкент туманлараро иқтисодий суди Миллий банк манфаатларини кўзлаб Савдо-саноат палатаси (ССП) томонидан Solfy СА (компаниянинг Ўзбекистондаги бўлинмаси)га қарши берилган шартномани бекор қилиш ва қарздорликни ундириш ҳақидаги даъвони қаноатлантирган. Компаниядан 17,33 миллиард сўм ($1,5 миллион) ундириш белгиланган. 2025 йил февраль ойида апелляция инстанцияси ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

2025 йил май ойида ССП Миллий банк манфаатларини кўзлаб яна бир даъво аризаси берган. Суд талабларни қисман қаноатлантирган. Эълон қилинган суд қарорларига кўра, Solfyдан Миллий банк фойдасига ундирилган маблағларнинг умумий миқдори 21,32 миллиард сўмни (тахминан $1,8 миллион) ташкил этган.

Шу билан бирга, Solfy СА бош директори Ўктам Хасановга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. 2026 йил 27 мартда у ҳибсга олинган. Унга Миллий банк маблағларининг қарийб 17 миллиард сўмини (қарийб $1,5 миллион) ўзлаштириш ҳамда шартномада белгиланган қарийб 15 миллиард сўмлик ($1,2 миллион) ҳақни тўламаганлик айбловлари қўйилган.

Полетаев ва Solfy вакиллари баёнот бериб, Ўзбекистонни «тижорат гаровларини олишни тўхтатиш ва халқаро ҳуқуқий стандартларга риоя қилишга» чақирганлар. Баёнотда Хасановнинг ҳибсга олиниши тун ярмида, «кўринишидан, Solfyдан максимал даражада манфаат олиш мақсадида ташкил этилган» шароитларда амалга оширилгани таъкидланган. Роберт Амстердам буни Ўзбекистон президенти эълон қилаётган ва ҳимоя қилаётган инвесторларни ҳимоя қилиш тамойилларидан кескин чекиниш, шунингдек, давлат ваколатларидан суиистеъмол қилиш деб атаган. Унинг фикрича, бу Ўзбекистонга хорижий инвестициялар йўналиши сифатида бўлган ишончга путур етказади.

Миллий банк матбуот хизмати музокаралар ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнлар якунланмагунча айбловларга изоҳ беришни номуносиб деб ҳисоблашини билдирган.

« Ўзбекистон Миллий банки барча тижорат муносабатларида энг аввал қонунийлик ва юқори ҳалоллик стандартларига амал қилади. Банкнинг устувор вазифаси мижозларининг манфаатларини ҳимоя қилишдир. Solfy билан музокаралар ва унга боғлиқ суд жараёнлари давом этаётганлиги сабабли, Банк ушбу жараёнлар тугагунга қадар асоссиз даъволар бўйича изоҳ беришни ноўрин деб ҳисоблайди. Банк мижозларга хизмат кўрсатишни ва барча амалдаги қонунлар ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлашга эътибор қаратади», — дейилади Миллий банк баёнотида.

Бунга жавобан Solfy вакиллари банк баёнотини дезинформация деб атаганлар ва Хасановни зудлик билан озод қилиш ҳамда адолатли келишувга эришишга қаратилган ҳалол музокараларни қайта бошлашга чақириб, Ўзбекистон президентига мурожаат қилганликларини маълум қиладилар.

2026 йил сентябрь ойи бошида Amsterdam & Partners арбитраж судига даъво берилганини оммавий равишда эълон қилди ва талаб қилинаётган компенсация миқдори 100 миллион доллардан ортиқ эканини таъкидлади. Сўровда, шунингдек, Ўктам Хасановга нисбатан қўзғатилган жиноий иш ва унинг ҳибсда сақланиши бўйича зудлик билан таъминлов чораларини кўриш талаби ҳам мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ