Қозоғистон Қашаған операторидан ундирилиши керак бўлган миллиардлаб тенгелик экологик жаримани ундиришни тўхтатди

ncoc.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Қашаған кон оператори North Caspian Operating Company (NCOC) компаниясидан 2,3 триллион тенге (қарийб 5 миллиард доллар) миқдоридаги экологик жаримани ундириш бўйича ижро ишини тўхтатди, деб хабар беради «Интерфакс-Қозоғистон» ахборот агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, ижро иши 7 сентябрь куни тўхтатилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги базасидаги маълумотлар далолат беради. Иш нима сабабдан тўхтатилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Гап Қозоғистон ҳукумати 2023 йилда Қашаған конида олтингугуртни рухсат этилган ҳажмдан ортиқ сақлагани учун NCOC компаниясига солган жарима ҳақида бормоқда. Консорциум қўйилган даъволарни тан олмаган ва 5 миллиард долларлик жаримани тўлашдан бош тортиб, уни халқаро арбитражда баҳслашган.

Жорий йил июль ойида UNCITRAL арбитраж трибунали иш бўйича таъминлов чораси тўғрисида қарор чиқариб, низо кўриб чиқилиши якунлангунга қадар Қозоғистонга мажбурий ундириш чораларини қўллашни тақиқлаган. Республика Адлия вазирлиги эса жарима қонуний эканини ва миллий судлар қарорлари билан тасдиқланганини маълум қилганди.

Вазирлик қўшимча қилишича, Қозоғистон судининг қарори 20 июлга қадар ихтиёрий равишда ижро этилиши керак эди. Ушбу муддат тугаганидан сўнг ҳукумат мажбурий ундириш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади. 25 июль куни Қозоғистон ҳукумати North Caspian Operating Company компаниясининг мол-мулки ва транспорт воситаларига тақиқ қўйгани маълум бўлди.

NCOC томонидан ўзлаштирилаётган Қашаған кони сўнгги ўн йилликларда дунёда очилган энг йирик нефть конларидан бири ҳисобланади. Унда тижорий нефть қазиб олиш 2016 йилдан буён амалга оширилмоқда.

Айни пайтда коннинг ўзлаштирилган шарқий қисмида кунига қарийб 450 минг баррел нефть қазиб олинмоқда. NCOC жорий йилда қазиб олиш ҳажмини кунига тахминан 500 минг баррелга, 2031 йилга бориб эса 710 минг баррелга етказишни режалаштирмоқда.

North Caspian Operating Company консорциуми таркибига Shell, Eni, TotalEnergies, ExxonMobil, CNPC, Inpex ва миллий «ҚазМунайГаз» компанияси киради.

Таъкидлаш жоиз, экологик низо Қозоғистон ҳукумати ва Қашаған оператори ўртасидаги кенгроқ кўламдаги низоларнинг бир қисмидир. Республика ҳукумати сўнгги йилларда кон ўзлаштирилаётган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим шартларини қайта кўриб чиқишга эришишга ҳаракат қилмоқда. Бунда лойиҳани амалга ошириш жараёнида эҳтимолий қоидабузарликлар, коррупция ва атроф-муҳитга етказилган зарарни сабаб сифатида келтирмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ