Бурабай туман судида Қозоғистоннинг Ақмола вилоятидаги Щучинск шаҳрида жойлашган «Центр плова Loft» кафесида содир бўлган портлаш ва ёнғин бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Ҳодиса оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жабрланган. Уч нафар судланувчи реал озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди, деб хабар беради Kazinform.
Судланувчилар ўриндиғида кафе ижарачиси, автомобиль газ қуйиш шохобчаси (АГҚШ) директори ҳамда газ баллонларини етказиб берган шахс бўлган.
Бурабай туман суди судяси Асел Ильясова кафе ижарачисини Қозоғистон Жиноят кодексининг 292-моддаси 3-қисми — ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида оғир оқибатларга, соғлиққа оғир зарар етказилишига ва икки нафардан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлганликда айбдор деб топди.
Унга етти йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, озодликка чиққанидан кейин уч йил давомида умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият билан шуғулланиши тақиқланди.
АГҚШ директори Қозоғистон Жиноят кодексининг 306-моддаси 3-қисми — истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки нафардан ортиқ шахснинг соғлиғига зарар етказилиши ва бир кишининг ўлимига сабаб бўлганликда айбдор деб топилди. Суд унга етти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Газ баллонларини етказиб берган шахс ҳам Жиноят кодексининг 306-моддаси 3-қисми бўйича айбдор деб топилиб, олти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Бундан ташқари, суд жабрланувчиларнинг фуқаролик даъволарини қисман қаноатлантирди. Уларнинг ҳар бирига 1 миллиондан 4 миллион тенгегача ($2 минг — $8,7 минг) маблағ тўланади.
Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган ва 15 кун ичида шикоят қилиниши мумкин.
Кафе ижарачиси сўнгги сўзида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини лозим даражада назорат қилмаганини тан олган. У жабрланганлардан кечирим сўради ва фожиадан кейин ҳам жабрланганларга ёрдам беришда давом этганини билдирган.
«Суд муҳокамаси давомида менинг айбим кафе фаолиятини лозим даражада назорат қилмаганимда, яъни ёнғин хавфсизлиги меъёрларига риоя этилмаганида эканини тушундим. “Центр плова” муассасасининг барча ҳужжатлари ва ишларини бошқарувчига ишониб топширганимга эътиборсизлик билан ёндашдим, чунки унинг масъулиятига ишонган эдим», — деган у.
АГҚШ директори ҳам жабрланганлардан кечирим сўраган, бироқ ўз айбини тан олмаган. Унинг таъкидлашича, экспертлар ва мутахассислар фикрига кўра, ёнғинга ташқи таъсир натижасида баллоннинг ёрилиши сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, 25 февраль куни «Шерол» АГҚШда маиший газ баллонларининг тўлдирилиши 26 февраль куни кафеда содир бўлган ёнғин билан сабабий боғлиқ эмас. Судланувчи унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Газ баллонларини етказиб берган шахс сўнгги сўзида суддан содир бўлган воқеага адолатли ва қонуний баҳо беришни сўраган.
26 февралдан 27 февралга ўтар кечаси Щучинск шаҳридаги «Центр плова Loft» кафесида газ баллони портлагпан ва шундан сўнг ёнғин бошланган. Дастлаб олти киши ҳалок бўлгани ва 20 га яқин киши жабрлангани хабар қилинган. Кейинчалик ҳалок бўлганлар сони 12 нафарга етган, яна 11 киши тан жароҳати олган.
Портлаш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов кафеда газдан фойдаланишда хавфсизлик талаблари бузилганини аниқлагпан. Баллонлар махсус мўлжалланган хонада эмас, бошқа жойда сақланган, ошхона эса ташриф буюрувчилар учун мўлжалланган умумий зал билан бирлаштирилган. Бундан ташқари, газ ускуналаридан мажбурий техник хизмат кўрсатиш шартномасисиз фойдаланилган.
Ёнғиндан сўнг кафеда бешта газ баллони, жумладан портлаган баллон ҳам олиб қўйилган. Иш материалларига кўра, уларнинг барчасидан фойдаланиш муддати 20 йилдан ортиқ вақт аввал тугаган ва белгиланган техник кўрикдан ўтказилмаган.
Комплекс экспертиза хулосасига кўра, портлашга ошхона ҳудудида бўлган баллон деворининг ёрилиши натижасида газ сизиб чиқиши ва шу орқали портлаш хавфи юқори бўлган газ-ҳаво аралашмаси ҳосил бўлиши сабаб бўлган. Хулосага кўра, унинг ёнишига газ плитасидаги очиқ олов сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Жабрланувчилар судда ошхонада газ ҳиди келгани ва вентиляция билан боғлиқ муаммолар бўлганини сўзлаб беришган. Ҳалок бўлган ходималардан бирининг қариндоши кафе орқа эшиги ёнида плитага уланган бир нечта газ баллони турганини таъкидлаган.
Прокуратура, шунингдек, иш бўйича айбланувчи сифатида жалб қилинган АГҚШ директори фаолиятидаги қоидабузарликларга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Айблов томони маълумотларига кўра, ушбу шохобчада автомобиль ва маиший газ баллонларини ноқонуний сотиш ҳамда тўлдириш амалга оширилган. Судда билдирилишича, ходимлар саноат хавфсизлиги талаблари бўйича зарур ўқув ва билим синовидан ўтмаган.



