Қамоқ жазосини ўтаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди

Баҳром Хамроев, ижтимоий тармоқдан олинган архив фотосурат

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Азат Мифтахов 11 август куни Россия Олий судида видеалоқа орқали иштирок этаркан, маълум қилди. Бу ҳақда «Настоящее время» хабар берди. Мифтахов ва Ҳамроев Россиянинг Узоқ Шимолидаги «Полярная сова» колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

«Уни бир йил олдин, апрель ойида фуқароликдан маҳрум қилишган. Аммо ҳужжат ҳозиргина келди. Унинг ўзи учун бу кутилмаган ҳол бўлди. Айтишича, ҳозир умуман ҳеч қандай фуқаролиги йўқ. У Россия фуқаролигини кейинчалик олмаган, ундан олдин фақат Совет фуқаролиги бўлган», — дейди Мифтахов.

Унинг сўзларига кўра, фуқароликдан маҳрум қилинганини билган Ҳамроев бундан хафа бўлмаган — бу кутилган қарор эди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг яқинларидан бири «Настоящее время» билан суҳбатда шундайтаъкидлаган. Уларнинг ҳукумат бундай қарор қабул қилиши мумкинлиги ҳақидаги гумонлари 2025 йилдаёқ пайдо бўлган.

«2025 йил сентябрь ойида Баҳромнинг илтимосига кўра, қариндошлари унинг “Госуслуги”даги аккаунтига киришга уриниб кўришган, аммо паспорт маълумотлари ва СНИЛС мавжуд эмаслиги ҳақида хабар чиққан», — дейди нашр суҳбатдоши.

Ҳамроевнинг вакиллари Россия Ички ишлар вазирлигидан унинг Россия фуқаролиги бор-йўқлиги ҳақида маълумот сўрашган, аммо уларга бундай сўров билан фақат Ҳамроевнинг ўзи, ҳатто озодликдан маҳрум этиш жойида бўлса ҳам, мурожаат қилиши мумкинлиги айтилган. Тахминларга кўра, Ҳамроев ҳозир айнан шундай сўровига жавоб олган.

Ҳамроев жазони ижро этиш муассасасининг жарима изоляторида (ШИЗО) сақланаётгани сабабли, яқинлари у билан алоқа қила олмаяпти.

Россияда экстремистик ташкилот деб топилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Мемориал» марказининг ҳуқуқий бўлими раҳбари Наталия Секретареванинг сўзларига кўра, Ҳамроевни фуқароликдан маҳрум қилишга ҳали 2021 йилдаёқ уринишган.

«Прокуратура унинг собиқ хотини билан никоҳи сохта бўлганини даъво қилиб, судга даъво киритган. Собиқ хотини ОАВга никоҳ сохта бўлмаганини тасдиқлаган ва даъво масаласи ёпилган. Аммо бир йил ўтгач, Баҳром жиноий иш бўйича ҳибсга олинди», — деган Секретарева.

«Настоящее время»нинг яна бир суҳбатдоши сўзларига кўра, Ҳамроев ҳибсга олинишидан олдиноқ Ўзбекистон махсус хизматларидаги манбасидан Россия унинг Ўзбекистон фуқаролиги бор-йўқлигига доир сўров юборгани ва салбий жавоб олганини билган.

Секретарева қўшимча қилишича, Ҳамроев 1992 йилда Ўзбекистондан Россияга кўчиб ўтган ва 1996 йилда Россия фуқаролигига қабул қилинган.

«Билишимча, унинг Ўзбекистон фуқаролиги йўқ. Бугунги кунда Россия қонунчилиги бошқа давлат фуқаролиги бор-йўқлигидан қатъи назар, кейинчалик қабул қилинган Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш имконини беради», — деди «Настоящее время» суҳбатдоши.

Секретарева Россия фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 24-моддасига кўра, натурализация орқали Россия фуқаролигини олган шахс (яъни туғилганидан Россия фуқароси бўлмаган шахс) қонунда кўрсатилган жиноятлардан бирини содир этган тақдирда Россия фуқаролиги тугатилишини эслатди. Улар қаторида терроризмга оммавий даъват қилиш, терроризмни оқлаш ёки тарғиб қилиш ҳамда террорчи ташкилот фаолиятида иштирок этиш бор. Баҳром Ҳамроев айнан шу жиноятлар бўйича судланган.

ℹ️ Баҳром Ҳамроев 1963 йил 12 октябрда Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. 1980-йилларнинг охири — 1990-йилларнинг бошларида Ўзбекистон Халқ ҳаракати «Бирлик» фаоли бўлган. Сиёсий таъқиблар сабаб 1992 йилда ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳамроев Россияга кўчиб ўтиб, у ерда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган. Шу муносабат билан Россия ҳукумати томонидан босимга дуч келган. 2023 йил май ойида ҳарбий суд уни терроризмни оқлаш ва террорчи фаолиятни ташкил этишда айблаб, 13 йил 9 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.