Марказий Осиёнинг икки футбол клуби Осиё клублар турнирларидаги саралаш босқичини муваффақиятли якунлади. Туркманистоннинг «Аркадаг» клуби ОФК-2 Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олган бўлса, Тожикистоннинг «Регар-ТадАЗ» жамоаси ОФК Чақирув лигасига йўлланмани қўлга киритди.
Ҳар икки учрашув ҳам 12 август куни бўлиб ўтди ва 3:0 ҳисобида якунланди.
«Аркадаг» ўз майдонида Ҳиндистоннинг «Гоа» клубини йирик ҳисобда мағлуб этди. Туркманистон жамоаси учала голни ҳам танаффусдан кейин урди: 61-дақиқада Мейлис Диниев ҳисобни очди, бир неча дақиқадан сўнг Раҳмон Муратбердиев гол урди, 75-дақиқада эса Арзувгули Сапаргулиев якуний ҳисобни ўрнатди.
Шу тариқа, «Аркадаг» кетма-кет иккинчи мавсум ОФК-2 Чемпионлар лигасининг асосий босқичида иштирок этади. 2025/26 йилги мавсумда туркман клуби гуруҳда 7 очко тўплаб, иккинчи ўринни эгаллаган ва плей-оффга чиққан эди. Бир йил аввал эса жамоа ОФК Чақирув лигасида ғолиб бўлган.
ОФК-2 Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 18 август куни Куала-Лумпурда бўлиб ўтади. «Аркадаг»дан ташқари турнирнинг гуруҳ босқичида Қаршининг «Насаф» клуби ҳам иштирок этади.
«Регар-ТадАЗ» саралаш учрашувини Мале шаҳрида ўтказиб, Мальдив ороллари чемпиони «Мазия»ни 3:0 ҳисобида йирик ҳисобда мағлуб этди. 53-дақиқада Озодбек Панжиев тожик клубини олдинга олиб чиқди, 89-дақиқада Шерзод Маҳамадиев устунликни икки карра оширди, қўшимча вақтда эса Амиржон Сафаров учинчи голни урди.
Тожикистон Кубоги-2025 соҳиби ва ОФК Президенти Кубоги (ҳозирги Чақирув лигаси) тарихидаги энг кўп совринга эга клуб бўлган «Регар-ТадАЗ» гуруҳ босқичида Душанбенинг «Истиқлол» жамоасига қўшилди. Шу тариқа, Тожикистон турнирда бирданига икки жамоа билан иштирок этади. Гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 20 август куни ўтказилади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, тожик жамоаларидан ташқари Чақирув лигасида Туркманистоннинг «Аҳал» клуби ҳам иштирок этади. Қирғизистоннинг икки клуби — «Дордой» ва «Мурас Юнайтед» эса саралаш босқичидан ўта олмади.



