Нижнекамскка ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари махсус рейс билан Ватанга олиб келинди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Нижнекамскдаги дронлар ҳужуми оқибатида қурбон бўлган Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари Ватанга махсус рейс билан олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Газета.uz» маълумотига кўра, жасадларни ташиш учун самолётни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тақдим этган. Ўзбекистон Миграция агентлиги маълум қилишича, дафн маросимлари билан боғлиқ харажатлар давлат маблағлари ҳисобидан қопланади.

Нижнекамскка дронлар ҳужуми 10 август куни эрталаб содир бўлди. Ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан, саккиз нафар Ўзбекистон ва бир нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди. Яна 75 киши, шу жумладан, қарийб 20 нафар хорижлик жароҳат олди, уларнинг 21 нафари касалхонага ётқизилди. Шу куни Татарстанда мотам эълон қилинди.

Марказий Осиё давлатлари фуқаролари дрон зарбаси теккан хостелда яшаган. Уларнинг барчаси қурилиш соҳасида ишлаган.

Ўзбекистон Нижнекамскда ўз фуқароларининг ҳалок бўлиши ҳолатларини ўрганиш учун ҳукумат комиссиясини тузди ва воқеа жойига ишчи гуруҳ юборди. Унинг таркибига Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миграция агентлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари суд-тиббий экспертизаси ўтказилганидан сўнг Ўзбекистонга юборилиши хабар қилинган эди.