Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олмаота вилоятининг Ақтас қишлоғида жойлашган Интенсив кузатув остидаги махсус турдаги Республика психиатрия шифохонаси беморларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақидаги маълумотларни тасдиқламади, деб хабар беради ORDA.kz. Муассасадаги текширув беморлар ҳуқуқлари бузилиши мумкинлигига оид мақолалар эълон қилинганидан сўнг ўтказилган.
«Беморларга нисбатан жисмоний чекловлар қўлланилгани, таъсир чораси сифатида дори воситаларидан фойдаланилгани ва беморларнинг қадр-қимматини камситувчи бошқа ҳаракатлар амалга оширилгани ҳақидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмади», — дея маълум қилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Вазирлик, шунингдек, собиқ беморлардан бирининг хотираларига асосланган маълумотларга алоҳида изоҳ берган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мақола муаллифи 2008 йилда шифохонанинг 7-, 10- ва 12-бўлимларида даволанган вақтида содир бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб берган.
«Бунда муаллифнинг шахсий маълумотлари кўрсатилмаган, тасвирланган воқеалар эса қарийб 18 йил олдинги даврга тааллуқли», — дея таъкидлайди вазирлик.
Аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида муассасанинг собиқ беморлари томонидан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақида шикоятлар эълон қилинган эди. Нашрларда беморларни каравотларга боғлаб қўйишгани, жазо сифатида уларга дори воситалари юборилгани, меҳнатга мажбурлангани, шунингдек, оғир маиший шароитларда сақлангани ҳақида даъволар билдирилган. Шунингдек, беморларга нисбатан эҳтимолий таҳқирлашлар ва шубҳали ўлимлар ҳақида ҳам баёнотлар янграган. Шундан сўнг текширув ўтказишга қарор қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморларнинг ташхиси ва даволаш тартибидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигига риоя этилишини назорат қилишни давом эттиришини таъкидлади. Шунингдек, вазирлик била туриб ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжудлигини эслатди.
👉 Ақтасдаги Интенсив кузатув остидаги махсус турдаги Республика психиатрия шифохонаси — Қозоғистондаги бу турдаги ягона муассаса ҳисобланади. Унда суд қарорига асосан беморларга мажбурий даволаш қўлланилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, у ерда сақланаётган беморларнинг 80 фоиздан ортиғи аввал шахсга қарши оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган.



