«Пахтакор» Жаҳон чемпионати–2026да Ироқ терма жамоасининг ягона голи муаллифини 1 млн евро маош билан ўз сафига олди

Аймен Ҳусейн. «Пахтакор» ФК матбуот хизмати фотосурати

Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби Ироқ миллий терма жамоаси ҳужумчиси Аймен Ҳусейн билан шартнома имзолаганини эълон қилди. 30 ёшли футболчи билан тузилган битим жорий мавсум якунига қадар амал қилади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Клуб трансфернинг молиявий шартларини ошкор қилмади. Айрим Ироқ нашрлари трансфер олдидан Ҳусейн «1+1» тизими бўйича шартнома имзолаши ва унинг йиллик маоши тахминан 1 миллион АҚШ долларини ташкил этиши мумкинлигини хабар қилган эди. Бироқ бу маълумотлар расман тасдиқланмаган. «Пахтакор» баёнотида фақат футболчи билан мавсум охиригача шартнома тузилгани айтилган.

Ҳусейн 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ироқ терма жамоасининг асосий ҳужумчиси бўлган. Гуруҳ босқичининг биринчи турида у Норвегияга қарши ўйинда Амир Ал-Аммарининг узатмасидан сўнг гол уриб, ҳисобни тенглаштирганди. Бироқ якунда ироқликлар 1:4 ҳисобида мағлуб бўлишди, кейин эса Франция ва Сенегалга ҳам имкониятни бой беришди. Ҳусейннинг голи терма жамоанинг ушбу турнирдаги ягона тўпи бўлиб қолди ва Ироқ термасининг Жаҳон чемпионатларидаги тарихидаги иккинчи голига айланди — аввалгиси 1986 йилги мундиалда Аҳмад Розий томонидан киритилган эди.

Ҳужумчи амалда терма жамоани ушбу турнирга ўз кучи билан олиб чиқди: ҳал қилувчи қитъалараро плей-офф баҳсида Боливияга қарши ўйинда Ҳусейн ғалаба голини урди ва Ироққа 40 йил ичида илк бор Жаҳон чемпионатига чиқиш имконини берди. Норвегия дарвозасига урилган голдан кейин унинг миллий жамоа сафидаги кўрсаткичи 92 та ўйинда 33 та голни ташкил этди.

Ҳусейн фаолиятидаги энг яхши мусобақалардан бири 2023 йилги Осиё Кубоги бўлди. Ҳужумчи 6 та гол урди, жумладан Япония устидан қозонилган ғалабали учрашувда икки марта, Вьетнамга қарши баҳсда эса дубль қайд этди. Иорданияга қарши 1/8 финал ўйинида ҳам у гол урди, аммо голни нишонлагани учун иккинчи сариқ карточка олиб майдондан четлатилди. Камчиликда қолган Ироқ қўшимча вақтда икки марта гол ўтказиб юборган ва мусобақани тарк этган.

Ҳусейннинг сўнгги клуби Ироқнинг «Ал-Карма» жамоаси бўлди. Ундан аввал ҳужумчи Қатар, БАА, Марокаш ва Тунис чемпионатларида тўп тепган, ўз юртида эса жумладан «Ал-Кува Ал-Жавия», «Ал-Шорта» ва «Ал-Нафт» клублари шарафини ҳимоя қилган.

Ҳусейн «Пахтакор» таркибидаги учинчи ироқлик футболчи ҳисобланади. Тошкент жамоасида ҳозирга қадар Жаҳон чемпионатида иштирок этган ярим ҳимоячи Башар Расан ва ҳимоячи Заид Таҳсин ҳам ўйнамоқда.

Ўзбекистон Суперлигасининг 15 туридан сўнг «Пахтакор» 34 очко тўплаб, иккинчи ўринни эгаллади ва Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасидан икки очко ортда қолди. 11 август куни Тошкент клуби Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири саралаш босқичи доирасида Иорданиянинг «Ал-Ҳусайн» жамоасини қабул қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ