Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон етакчилари Чўлпон-Ота декларациясини имзолади

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Иссиқкўлда бўлиб ўтган норасмий саммит якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон президентлари Чўлпон-Ота декларациясини имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ишончнинг юксак даражасини, уларнинг тинчлик, яхши қўшничилик ва барқарор тараққиёт тамойилларига содиқлигини, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилишини акс эттиради.

Декларациянинг имзоланиши 30 июлдан 1 августга қадар Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилаётган олти давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувининг асосий натижаларидан бири бўлди.Унда Садир Жапаровдан ташқари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Саммит иштирокчилари савдо-сотиқни ривожлантириш, энергетика, туризм, транспорт йўлаклари, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилмоқда.

Учрашувни очар экан, Қирғизистон президенти Садир Жапаров сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. У, хусусан, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини амалга оширишнинг стратегик аҳамиятини қайд этди.

Жапаров туризм соҳасидаги ҳамкорлик салоҳиятига ҳам тўхталди. У 2025 йил март ойида Марказий Осиё давлатларига саёҳат қилмоқчи бўлган хорижликлар учун ягона туристик виза жорий этиш таклифини билдирганини эслатиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Қирғизистон президенти минтақадаги қолган давлатлар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашига умид билдирди.

Учрашувда барча иштирокчилар сўзга чиқди. Жумладан, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугун умумий тараққиёт мақсадлари йўлида бирлашаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги — макроминтақавий босқичга олиб чиқади.

«Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда», — деди Ўзбекистон президенти.

Сердар Бердимуҳамедов эса ўз навбатида

«Марказий Осиё — Озарбайжон» форматидаги биринчи саммит 8 октябрь куни Туркманистонда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, саммит кун тартибига сиёсат ва хавфсизликдан ташқари энергетика, транспорт йўлаклари, экология (жумладан, Орол денгизини тиклаш), шунингдек, талабалар алмашинуви масалалари ҳам киритилади.