ЕТТБ президенти Ислом цивилизацияси марказида кўрганларидан катта таассурот олганини таъкидлади

Одиль Рено-Бассо Ислом цивилизацияси марказида. ИЦМ фотосурати

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида амалга оширилган.

Делегация Марказда тарихий мероснинг замонавий технологиялар орқали талқин этилиши билан танишди. Экспозициялар бўйлаб саёҳат Амир Темур ва темурийлар давридан Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнига қадар бўлган тарихий жараёнларни қамраб олди.

Одиль Рено-Бассонинг эътиборини нодир сўзаналар, Мирзо Улуғбек расадхонасининг интерактив макети ҳамда рақамли музейчилик ечимлари алоҳида тортди. Ушбу экспонатлар Марказда ўтмиш мероси фақат намойиш этилмасдан, замонавий воситалар ёрдамида қайта англанишини намоён этди.

Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдухаликов Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентига «Учинчи Ренессанс» мавзусига бағишланган китобни топширди. Нашрда Ўзбекистоннинг машҳур олимлари ҳиссаси, фан ва маърифат ривожи, шунингдек мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида маълумотлар келтирилган.

«Бу марказ мамлакатнинг бой ўтмиши ва келажакка қаратилган замонавий ёндашуви уйғунлашган ғоят таъсирчан маскандир. У Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлида тутган ўрнини англашга ёрдам беради. Энг ҳайратланарли жиҳати — тарихий мероснинг инновацион технологиялар ва сунъий интеллект воситалари билан уйғунлаштирилганидир. Бу ерда ўтмиш билан бугун ўртасида жонли мулоқот яратилган. Мен ушбу Марказни ўтмиш қудрати ва Ўзбекистоннинг келажак имкониятларини яққол акс эттирувчи маскан сифатида баҳолайман. Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу улкан ташаббуси учун самимий миннатдорлик билдираман»,— деди Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо.

ЕТТБ президенти Марказнинг фахрий меҳмонлар китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. У музейни ғаройиб маскан сифатида таърифлаб, Ўзбекистоннинг қадим даврлардан икки Ренессанс орқали замонавий Ўзбекистонгача бўлган бой тарихи бўйлаб ўзига хос саёҳат қилганини қайд этди. Шунингдек, қадимий буюмлар, заргарлик намуналари, гиламлар ва китобларнинг замонавий технологиялар ҳамда ёш авлод учун янги имкониятлар очиб берувчи сунъий интеллект воситалари билан уйғунлашгани унда катта таассурот қолдирганини ёзди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ