3 июнь куни Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳлининг Мальвия Нагар туманидаги меҳмонхонада содир бўлган ёнғинда уч нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ хабар берди.
Баёнотда қурбонлар исми-шарифининг бош ҳарфлари ва ёши кўрсатилган. 24.kg хабарига кўра, қурбонлар 50 ёшли Наргиз Қўчқорова, унинг 76 ёшли онаси ва 23 ёшли ўғли бўлган. Ўшда яшовчи оила Қўчқорованинг жигар трансплантацияси учун Ҳиндистонга келган; унинг ўғли онасининг орган донори бўлган. Қўчқорованинг вояга етмаган икки нафар фарзанди қолган.
NDTV нашри маълумотларига кўра, Flourish Stay B&B меҳмонхонасида ёнғин соат 8:50 атрофида беш қаватли бинонинг ертўласида жойлашган ресторанда содир бўлган. Ёнғинда камида 21 киши жабрланган — 17 нафар чет эллик, жумладан, Либерия, Нигерия, Мозамбик ва Бангладеш фуқаролари. 40 дан ортиқ одам эвакуация қилинган ва касалхоналарга ётқизилган, аксариятининг баданлари куйиб кетган ва ис газидан заҳарланишган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва ҳар бир оилага 200 000 рупий (2000 доллар), жароҳатланганларга эса 50 000 рупий (520 доллар) миқдорида компенсация берилишини эълон қилди.
ℹ️ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида меҳмонхона Florist Inn (Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларида Flourish Inn номи билан ёритилган) деб кўрсатилган, аммо ёнғин аслида Flourish Stay B&B меҳмонхонасида содир бўлган. Меҳмонхоналар бир-биридан тахминан 200 метр масофада жойлашган ва ҳозирда қочиб юрган Локеш Бажажга тегишли. Flourish Inn зарар кўрмаган; унинг меҳмонлари қўшни меҳмонхонада ёнғин чиққандан сўнг дарҳол эвакуация қилинган.
Деҳлининг энг йирик хусусий шифохоналаридан бири яқинида жойлашган Flourish Stay даволанишни истаган хорижликлар орасида машҳур бўлган.
Манбаларнинг NDTV телеканалига айтишича, меҳмонхона лицензияси унга атиги олтита хонани бошқаришга имкон берган. Бироқ, Flourish Stay меҳмонхонаси ертўлада жойлашган хоналарни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 25 та номердан фойдаланган. Деҳли полициясининг маълумотларига кўра, меҳмонхонада фақат битта кириш ва чиқиш жойи бўлган.



