Тошкент ва Самарқанд ўртасида 282 километрлик янги автомагистрал қуриш лойиҳаси 91 та кўприк, 12 та ўтиш жойи ва 16 та йўл ўтказгични ўз ичига олади. Президент Шавкат Мирзиёев транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳалар доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг икки йирик шаҳрини боғлайдиган автомагистралнинг айрим қисмларида тупроқни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилади. Лойиҳачиларнинг сўзларига кўра, ҳар бири 3,75 метр кенгликдаги цемент-бетон қопламали олтита ҳаракат тасмаси барпо этилади. Йўлнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 километр этиб белгиланади.
Беш йил давомида қурилиши режалаштирилаётган мазкур йўл Ia тоифали, яъни автомобиль йўлларининг энг юқори техник ва хавфсизлик стандартларига жавоб берадиган магистрал бўлади.
Тақдимотда, шунингдек, Тошкент – Чорвоқ ва Урганч – Хива йўлларини қуриш лойиҳаларининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.
Бундан ташқари, Тошкент – Ангрен – Қамчиқ довони йўналишида 171 километрлик муқобил автомобиль йўли барпо этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Ушбу йўлда 33 километрлик тоннеллар ҳамда бир қатор йирик муҳандислик иншоотларининг қурилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбарига мазкур йирик лойиҳалар учун ишлаб чиқилаётган молиялаштириш манбалари ва хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақида ахборот берилди.
Мирзиёев автомагистралларни лойиҳалашда замонавий транспорт муҳандислиги ечимларидан фойдаланиш, интеллектуал бошқарув ва мониторинг тизимларини жорий этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлади.
Шунингдек, давлат раҳбарига янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Биринчи босқичда 208,4 минг квадрат метрлик йўловчи терминали, узунлиги 4 километрдан бўлган иккита учиш-қўниш йўлагини барпо этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, йилига 20 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш, соатига 30 та қўниш ва учишни таъминлайдиган инфратузилмани яратиш ҳамда 169 та ҳаво кемаси учун автотураргоҳ ташкил этиш кўзда тутилган.
Президентга бўлажак пойтахт аэропорти ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалаш ва тадқиқот ишлари ва келгуси босқичлар тўғрисида ахборот берилди.
Тегишли вазирликлар ва идоралар вакилларининг ҳисоботларини тинглагандан сўнг, Мирзиёев мутасаддиларга лойиҳаларни техник ва иқтисодий жиҳатдан пухта тайёрлаш, қурилиш ишларини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда транспорт инфратузилмасининг узоқ муддат барқарор ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.



