Қозоғистонлик фаол Конституцияга оид референдумни бойкот қилишга чақиргани учун ҳибсга олинди

Оразали Ержанов. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Transparency International Kazakhstan* ташкилоти васийлар кенгаши аъзоси Оразали Ержанов Олмаотада ижтимоий тармоқлардаги постлари, жумладан, янги Конституция бўйича референдумни бойкот қилишга оид чақириқлари учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси Vласть.kz нашрига маълум қилди.

Полиция эътиборига тушган постларда «хорижий юрисдикцияда рўйхатдан ўтган рақамлардан фойдаланган ҳолда ёлғон маълумотлар, референдумни бойкот қилишга чақириқлар ва фуқароларни чалғитувчи бошқа маълумотлар» аниқланган, дейилади хабарда.

«Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилганлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилди», — деб қўшимча қилади полиция.

Айни пайтда, журналист Вадим Борейко ўзининг Telegram-каналида ёзишича, Олмаота тергов суди Ержановни 10 кунга ҳибсга олган. Ержановнинг рафиқаси Аида бу ҳақда журналистга хабар берган. Фаол 5 мартгача «гумонлар тақдим этилгунга қадар» ҳибсда қолади. «Ҳозирда Ержановга ҳеч қандай айблов қўйилмаган ва у Жиноят кодексининг бирон бир моддаси бўйича ҳам айбланмаган», — дейди Борейко.

Унинг таъкидлашича, Ержановнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган янги Конституция ва яқинлашиб келаётган референдум ҳақидаги Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги постлари ҳозирда унинг аккаунтидан йўқолган.

Оразали Ержанов ноқонуний равишда четга олиб чиқилган активларни қайтариш учун мўлжалланган Elge Qaitaru жамоат фонди директори. 1990 йилларнинг охирларида у Қозоғистон Миллий банки раисининг ўринбосари ва Молия вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Қозоғистон Конституцияси президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан таклиф қилинган ислоҳот доирасида ўзгартирилмоқда. 11 февраль куни унга республиканинг янгиланган асосий қонунининг якуний лойиҳаси кўрсатилди. Унда моддаларнинг аксарияти ўзгартирилган. 15 март куни мамлакатда Қозоғистон фуқаролари янги Конституцияни қабул қилиши масаласи билан боғлиқ референдум ўтказилади.

Оразали Ержанов яқинда янги Конституция ва яқинлашиб келаётган референдум ҳақидаги постлари учун азият чеккан ягона одам эмас. Февраль ойи бошида Остонадаги суд фаол Ермек Наримбайни ижтимоий тармоқларда конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикрларини жойлаштиргани учун икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Унинг адвокати суд илгари Наримбайга «жамоат, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалалар билкн шуғулланишни» тақиқлаганини, бироқ у тақиқни бузганини ва натижада ҳибсга олинганини тушунтирди.

* Россия Федерациясида номақбул деб тан олинган Transparency International халқаро ташкилотининг миллий бўлими

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ