Bloomberg: Қозоғистон Қорачиғаноқ операторларига қарши миллиард долларлик арбитраж низосида ғалаба қозонди

kpo.kz сайти фотосурати

Қорачиғаноқ конини ўзлаштираётган Shell ва Eni каби йирик нефть компаниялари Қозоғистон билан халқаро арбитраж низосида ютқазди. Бу ҳақда Bloomberg суд жараёни билан таниш манбаларга таяниб хабар беради.

Лондон суди Остонанинг 6 миллиард доллардан ортиқ маблағни талаб қилган даъвосини қисман қўллаб-қувватлади. Якуний миқдор ҳали аниқланмаган, аммо у 2 миллиард доллардан 4 миллиард долларгача бўлиши мумкин (юридик маслаҳатчилар шундай суммани таъкидлашган).

Суд ҳукумат позициясини қўллаб-қувватлаган, унда Қорачиғаноқ операторлари маҳсулот тақсимоти шартномаси (МТШ) бўйича келишилмаган ва қопланмаслиги керак бўлган бошқа харажатларни ноқонуний равишда давлат ҳисобидан қоплаганлиги даъво қилинган. Суд қарори ушбу шартнома бўйича нефтни тақсимлаш формуласини ўзгартириши кутилмоқда. Бироқ, жавобгарлар барибир унга эътироз билдиришлари мумкин.

Ғарбий Қозоғистондаги Қорачиғаноқ нефть ва газ конденсати кони 280 квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллайди ва дунёдаги енг йирик конлардан бири ҳисобланади. У ерда 1997 йил 18 ноябрда Қозоғистон билан имзоланган маҳсулот тақсимоти шартномаси асосида халқаро консорсиум томонидан иш юритилади. Қорачиғаноқ лойиҳасининг операторлари бўлмиш Royal Dutch Shell ва Eni компаниялари 29,25% дан тенг улушга эга. Лойиҳада Chevron (18%) ва «ЛУКОЙЛ» (13,5%) ҳам иштирок этади. «КазМунайГаз» миллий компанияси 10% улушга эга.

Қорачиғаноқ операторларига қарши суд жараёнлари 2023 йили бошланган. Дастлаб даъво 3,5 миллиард долларни ташкил этган, аммо кейинчалик қисман харажатларнинг ошиши ва коррупция эҳтимоли ҳақидаги даъволар туфайли бу сумма ошган. 2024 йили халқаро компаниялар ички бозор учун газни қайта ишлаш заводини қуриш орқали низони ҳал қилишни таклиф қилишган. Бироқ, кейинчалик бу вариант ҳам шов-шувли низолар мавзусига айланган. Гап шундаки, Қорачиғаноқда ишлаб чиқарилган газнинг катта қисми ҳозирда қайта ер қарига қуйилмоқда, қолган қисми эса Россияга, Оренбург газни қайта ишлаш заводига юборилмоқда, чунки кон ўзининг хомашёни қайта ишлаш қувватига эга емас.

Қорачиғаноқда газни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича музокаралар 2000 йиллардан бери давом этиб келади. Музокаралар, жумладан, кон операторлари билан ҳам олиб борилган, аммо ўтган ёзда Қозоғистон ҳукумати Eni ва Shell таклиф қилган шартлар асосида заводни қуришдан бош тортгани маълум бўлди. Хусусан, компаниялар лойиҳа харажатларининг 100 фоизидан ташқари қўшимча 1 миллиард доллар тўланишини талаб қилишган, бу талабни Остона номақбул деб ҳисоблаган.