Ўзбекистон туризм салоҳиятини устувор бозорларда илгари суради: АҚШдан Скандинавиягача

aktualno.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг туризм салоҳиятини АҚШ, Форс кўрфази давлатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Скандинавия каби устувор бозорларда илгари суриш учун янги маркетинг стратегиясини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Ушбу масала президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризмни ривожлантириш ва йирик маданий тадбирларни ташкил этиш бўйича йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари расмийларга Ўзбекистоннинг халқаро туристик платформалардаги иштирокини кенгайтириш, рақамли контентни ривожлантириш ҳамда йирик медиа ресурслари ва фикр етакчиларини жалб қилиш вазифаларини юклади.

Соҳа фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ва хусусий ахборот тизимларини уйғунлаштириб, Миллий туризм платформасини ишга тушириш, туристлар ва тадбиркорлар учун проактив рақамли хизматларни жорий этиш, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ҳамда туристлар оқимини таҳлил қилиш вазифалари белгилаб берилди. Рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва сайёҳлик йиғимидан йиллик тушумларни ошириш режалаштирилгани қайд этилди.

Йиғилишда мамлакатга хорижий меҳмонларни жалб қилишга қаратилган бир қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, «Самарқанд мероси йўлаги» ташаббуси 6,6 километрлик ягона сайёҳлик йўналишини яратади. У Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасини боғлайди.

Самарқандда янги «Ипак йўли» музейини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Умумий майдони 19,5 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли замонавий бино қурилиб, унда инклюзив муҳит, кўргазма заллари, экспонатларни сақлаш фондлари, шунингдек, таълим олишга мўлжалланган ҳудудларни яратиш кўзда тутилган.

Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш режалаштирмоқда. Янги музей биноси, иммерсив кўргазма заллари, ташриф буюрувчилар учун марказ барпо этилади. Пиёда йўлаклари ободонлаштирилиб, археологик объектлар ягона музей муҳитига уйғунлаштирилади.

Шунингдек, давлат раҳбарига Бухоро шаҳрининг бош режаси тақдим этилди. Унда қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, чакана савдо ва тижорат объектлари ҳамда юқори тоифали меҳмонхонани ўз ичига оладиган кўп функцияли мажмуа сифатида тарихий-этнографик боғ барпо этиш назарда тутилган.

Маданият ва туризм соҳасидаги ютуқлар ҳам санаб ўтилди. Масалан, Самарқандда 190 мамлакатдан 3000 дан ортиқ делегатлар иштирок этган ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 43-сессияси муваффақиятли ўтказилди.

Мамлакатнинг Японияда бўлиб ўтган ЭКСПО-2025 Бутунжаҳон кўргазмасидаги иштироки якунлари сарҳисоб қилинди. Ўзбекистоннинг 1,2 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган «Билимлар боғи» павильонига 1 миллион нафарга яқин одам ташриф буюрди.

Бухорода ўтказилган биринчи Замонавий санъат биенналесига алоҳида эътибор берилди. 70 кун давом этган тадбир 3,5 гектар майдонни ва 14 та реставрация қилинган маданий мерос объектларини қамраб олди. Биенналеда 40 дан ортиқ давлатдан 70 нафар ижодкор ва куратор иштирок этди. Тадбирда иштирок этганларнинг сони қарийб 1,8 миллион нафарни ташкил этиб, жумладан, 100 нафардан ортиқ юқори мартабали хорижий меҳмон ташриф буюрди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда йирик халқаро концерт дастурлари ўтказилди. Хусусан, Тошкентда Женнифер Лопес, Хивада Black Coffee, Самарқандда Андреа Бочеллининг концертлари бўлиб ўтди.

2025 йилда сайёҳлар сони 11 миллиондан ошиб, туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард долларга етгани, шунингдек, визасиз тартиб жорий этилган давлатларнинг сони 94 тага кўпайгани қайд этилди.

Шу билан бирга, туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, туризм маҳсулотларини яратиш ва ривожлантириш бўйича ягона механизмни жорий этиш ҳамда йирик тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ