Туркманистон терма жамоасининг икки футболчиси Беларусни тарк этиб, Марказий Осиё клубларига қайтди

Вепа Жумаев ва Теймур Чариев. «Витебск» ва «Торпедо-БелАЗ» матбуот хизматлари фотосурати

Туркманистон терма жамоаси футболчилари Теймур Чариев ва Вепа Жумаев Беларусь клубларини тарк этишди. 14 январ ҳолатига кўра, Беларусь Премьер-лигасида туркманистонлик футболчилар қолмаган.

«Витебск» футбол клуби икки йил давомида жамоада ўйнаган ва унинг етакчиларидан бирига айланган Жумаевнинг кетишини эълон қилди. Ўтган мавсумда Вепа 33 та лига ва кубок ўйинида майдонга тушиб, битта голли узатма берди. «Витебск» мавсумдаги асосий мақсадига эришди — Премьер-лигадаги ўрнини сақлаб қололди. «Фарғона» маълумотига кўра, Жумаев фаолиятини Ўзбекистонда давом эттиради.

Теймур Чариев ўтган йил бошида қўшилган «Торпедо-БелАЗ»ни тарк этди. Чариев барча мусобақаларда, жумладан, туркман футболчилари саккиз йил давомида ўйнамаган УЕФА Конференция лигасида жамоа учун 35 та ўйинда майдонга тушди. Теймур чемпионатда битта гол ва иккита голли узатмани амалга оширди. «Фарғона» маълумотига кўра, Чариев Қирғизистоннинг «Барс» клубига ўтмоқда.

Шуни таъкидлаш жоиз, қирғизистонлик Алимардон Шукуров ва Амантур Шамурзаев, ўзбекистонлик Шерзод Эсанов ва тожикистонлик Фатҳулло Олимзода ҳам бу қишда Беларусь чемпионатини тарк этишди.

Беларусдан футболчиларнинг оммавий равишда чиқиб кетишига футбол клубларидаги молиявий аҳвол сабаб бўлиб, улар ўз навбатида футболчилар маошларини чеклашмоқда. Шу билан бирга, Қирғизистон терма жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бири Москванинг «Торпедо» жамоасидан Беларусь чемпионатига қайтгани ва Минскнинг «Динамо» клуби билан шартнома имзолагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.