Афғонистон банк тизими ҳозирда Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарини қабул қила олмайди. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
«Менимча, бу яқин орада содир бўлмайди, чунки Афғонистон банк тизими транзакциялар билан ишламайди. Улар ҳам санкциялар остида, шунинг учун бу эҳтимолдан йироқ», — деди у «Мир» карталарининг Афғонистонда ишлаши истиқболларига оид саволга жавобан.
2025 йил октябрь ойида Россия оммавий ахборот воситалари Афғонистоннинг Россиядаги элчисига таяниб, Кобул ва Москва Афғонистонда «Мир» банк карталарини қабул қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берганди.
«Россия ва толиблар назоратидаги Афғонистон ўртасида истиқболли иқтисодий ҳамкорлик ҳақидаги яна бир эртак пучга чиқди. Жуда кўп лойиҳалар, оптимистик ваъдалар ва дабдабали изоҳлар бўлди... Аммо кейинчалик ҳаммаси аччиқ ҳақиқат билан тўқнашади ва ҳамма нарса ўз ўрнига тушади», — дея сиёсатшунос ва Замонавий Афғонистонни ўрганиш марказининг етакчи мутахассиси Андрей Серенко ўзининг Telegram-каналида ушбу янгиликни шарҳлади.



