«Ўзбекнефтгаз» аксиядорлик жамияти (АЖ) га 2026 йили камида 25,4 миллиард кубометр табиий газ ишлаб чиқаришни таъминлаш вазифаси юклатилди. Бундай вазифа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 12 январь куни компания режалари тақдимотида қўйилди.
Давлат раҳбари «Ўзбекнефтгаз»га кунлик углеводород қазиб олишни 66 миллиондан 70 миллион кубометргача оширишни буюрди. Газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва қиймат занжири масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилди.
«Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Президент нефть-газ соҳасида трансформацияни чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Йиғилишда нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди.
Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.
ℹ️ «Ўзбекнефтгаз» — Ўзбекистонда энг йирик давлат компанияси ҳисобланади. У 50 дан ортиқ корхоналарни, жумладан, 13 та қўшма корхона ва 10 та асосий углеводород қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарини бирлаштирган холдинг саналади. Компания углеводород қазиб олиш, ички бозорга етказиб бериш, нефть ва газни қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва технологик маҳсулотлар экспорти билан шуғулланади. «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистондаги энг йирик бешта солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади: 2024 йил охирига келиб холдинг 4,2 триллион сўм (тахминан 350 миллион доллар) солиқ тўлаган.
2025 йил охирида тажрибали гидроэнергетика муҳандиси ва энергетика мутахассиси, илгари бир неча йил «Ўзбекгидроэнерго» АЖни бошқарган Абдуғани Сангинов компаниянинг бош директори лавозимини эгаллади.



