Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов АҚШ фуқаролари учун визасиз режимни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Х саҳифасида ёзган. Байсалов Давлат департаменти томонидан яқинда эълон қилинган янги талабларга шундай жавоб берди. Маълумки, АҚШ томони талабига кўра, эндиликда қирғизистонликлар АҚШга бизнес ёки сайёҳлик визасини олиш учун 15 минг долларгача гаров пули киритишлари керак бўлади.
«Виза сиёсати — паритет ва ўзаро ҳурмат масаласидир. Агар фуқароларимиз учун шундай юқори тўсиқлар жорий этилса, биз ҳеч нарса бўлмагандек жим ўтира олмаймиз», — деб ёзади Бош вазир ўринбосари.
21 январдан АҚШга ташриф буюрмоқчи бўлган қирғизистонликлар учун янги виза қоидалари кучга киради. В-1 ва В-2 визасига мурожаат қилишда улар 5 минг доллардан 15 минг долларгача депозит тўлашлари керак бўлади. Агар мақом ўзгарилса ёки ташрифчи белгиланган муддатда мамлакатни тарк этмаса, пул қайтарилмайди. Гаров миқдори консуллик мансабдор шахси томонидан суҳбат чоғида индивидуал равишда белгиланади.
Бундан ташқари, АҚШ қонунларига кўра, депозитни талаб қиладиган мамлакатлар резидентлари Қўшма Штатларга фақат учта халқаро аэропорт орқали киришлари мумкин: Нью-Йорк, Вашингтон ва Бостондаги.
The Diplomat нашрининг эслатишича, АҚШ фуқаролари 2012 йилдан бери Қирғизистонга визасиз киришлари мумкин. Қирғизистон фуқаролари ҳеч қачон АҚШга визасиз кира олмаган. «Виза сиёсати, Байсалов изоҳларига қарамай, ҳеч қачон ўзаро тенг бўлмаган — боз устига гап АҚШ борасида бораркан», — деб таъкидлайди мақола муаллифи.



