Хитой банклари синдикати Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши учун 35 йил муддатга кредит сифатида қарийб 2,3 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда 16 декабрь куни Бишкекда келишув имзоланди, деб хабар беради Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.
Ҳужжат лойиҳада иштирок этувчи уч давлат томонидан ташкил этилган «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўллари компанияси» (қўшма лойиҳа компанияси, ҚЛК) ҳамда Хитой банклари синдикати, жумладан, Хитой Халқ Республикаси Давлат тараққиёт банки ва Эксим банки вакиллари томонидан маъқулланди. Ҳужжатларни имзолаш маросимида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари – Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бахит Торобоев иштирок этди.
Қирғизистон ҳукуматига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. 2,3 миллиард долларлик кредитни қайтариш мажбуриятлари бевосита қўшма лойиҳа компаниясига юкланган. Қолган 2,3 миллиард доллар ҚЛК устав капиталига уч давлатнинг бадаллари ҳисобидан шакллантирилади. Ушбу молиялаштиришдаги улушлар қуйидагича тақсимланган: Хитой маблағнинг 51%, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳар бири 24,5%дан ҳисса қўшади.
Матбуот хизматининг таъкидлашича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши доирасида умумий узунлиги 120 км бўлган 50 та кўприк ва 29 та туннел қурилади. Бу бутун йўналишнинг тахминан 40% туннел ва кўприклар орқали ўтишини англатади. Қирғизистон ҳудудида темир йўлнинг умумий узунлиги 304 км бўлади.
2024 йил апрелида ушбу темир йўл қурилиши қиймати 8 миллиард долларга баҳолангани хабар қилинган эди. Йўлнинг узунлиги қарийб 454 км бўлиб, шундан 280 таси Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Бутун линия бўйлаб 18 та станция, 81 та катта ва ўрта кўприк, 41 та туннел қуриш режалаштирилган.
ℹ️ Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Магистрал Хитойдан Яқин Шарқ мамлакатларигача бўлган йўналишни тахминан 900 км га қисқартиради, транспорт харажатларини камайтиради ва юкларни етказиб бериш муддатини тахминан 7-8 кунга қисқартиради. Мазкур йўл Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни таъминлаши, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай киришини таъминлаши кутилмоқда.
2024 йил 6 июнь куни Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида қурилиш лойиҳасини биргаликда илгари суриш тўғрисидаги битим имзоланган. Лойиҳани амалга ошириш ўша йил27 декабрида бошланган.



