Бошқирдистон раҳбари Хабиров Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Радий Хабиров ИЦМда. Марказ матбуот хизмати фотосурати

Бошқирдистон делегацияси республика раҳбари Радий Хабиров бошчилигида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, деб хабар беради ИЦМ матбуот хизмати.

Делегацияга марказ бўйлаб экскурсия уюштирилди. Меҳмонлар музейнинг «Исломгача бўлган давр», «Биринчи Ренессанс, «Иккинчи Ренессанс», «Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори», «Қуръони Карим зали» бўлимларидаги нодир археологик топилмалар, рақамлаштирилган қўлёзмалар, сунъий интеллект асосида яратилган кўргазмаларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

Хабиров ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов билан илмий ва маданий ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашга келишиб олганини айтди.

«Марказ очилгач, биз амалий ҳамкорликни бошлаймиз. Бошқирдистондан музей мутахассисларини юборамиз, тажриба алмашамиз — чунки ҳар қандай катта музей аввало илмий марказдир», — дея хулоса қилди республика раҳбари.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.