Ўзбекистон тўрт йилдан сўнг Афғонистон билан чегарадаги назорат пунктини қайта очди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати Термиз-Ҳайратон кўпригида жойлашган Афғонистон билан чегара назорат пунктини қайта очди. Энди йўловчилар икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри ва хавфсиз ҳаракатланиши мумкин, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси Савдо-саноат палатаси (ССП) матбуот хизмати.

Палата икки мамлакатни боғлайдиган Амударё устидаги кўприк орқали йўловчилар қатновининг қайта тикланиши виза талаблари бекор қилинганини англатмаслигини тушунтирди. Ўзбеклар ва афғонлар учун виза талаби сақланиб қолади.

ССП вакиллари назорат пункти 2021 йил август ойида («Толибон»* ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг – «Фарғона» изоҳи) фаолиятини тўхтатганини эслатдилар. Бу эса тадбиркорларнинг Афғонистонга боришини сезиларли даражада қийинлаштирган эди: Айритомдан 75 км масофада жойлашган (1 соатлик йўл) Мазори Шарифга етиб бориш учун тадбиркорлар Тожикистон орқали бир кунлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур бўлган.

«Эндиликда бу чекловлар бекор қилинди ва йўл яна очилди», — деб хабар беради Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Расмийларнинг сўзларига кўра, бу ҳолат бизнес, айниқса экспорт қилувчи компаниялар учун қўшимча имкониятлар яратади. Бундан ташқари, Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб бериладиган товарлар ва хизматлар ҳажми барқарор равишда ўсиб бормоқда, тўғридан-тўғри йўналиш очилиши билан бу кўрсаткич 2026 йилга келиб 2,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоиз, икки мамлакат ҳукуматлари илгари яқин келажакда ўзаро савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирган эди.

Савдо-саноат палатаси Афғонистон бозорига кирувчи тадбиркорларга имтиёзлар ва преференциялар берилишини қўшимча қилди. Шундай қилиб, давлат тадбиркорларга Ҳайратон ёки Мозори-Шарифда омборхона ижараси учун тўлиқ компенсация беради. Афғонистон бозори учун мўлжалланган ўзбек маҳсулотларининг реклама харажатлари ҳам қопланади.

Ўзбекистон расмийлари тадбиркорларга 5о миллион истеъмолчига эга қўшни мамлакатга экспортни йўлга қўйишни тавсия қилади. Ҳозирда ушбу бозорда рақобат паст ва талаб юқори, дея таъкидлайди Савдо-саноат палатаси.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ