Ишга алоқадор шахслар. Охирги суратда — Қумарбек Абдиров. Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати фотосурати
Бишкек шаҳар судининг уч собиқ судяси ва бир прокурор Қирғизистонда 2016 йили бир қатор қотилликларни содир этганини тан олган эркак жазосини енгиллаштиргани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Терговчиларнинг сўзларига кўра, судялар Сания Бранчаева, Жанил Мамбетали ва Қайсин Абакиров (ИИВ матбуот релизида фақат уларнинг бош ҳарфлари ишлатилган, уларнинг тўлиқ исмлари бир нечта оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган) прокурор Дастан М. билан бирга 21 ёшли аёлни ўлдиришга уринишда айбдорлиги тўлиқ исботланган Қумарбек Абдиров жазосини енгиллаштиришда иштирок этишган. 2015 йили Октябрь туман суди уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилган, аммо 2016 йилда «Бишкек шаҳар суди, судялар С.Б., Ж.М. ва K.A., прокурор Д.М. ва адвокат С.Ж. воситачилигида Қирғизистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексини бузиб, жазони енгиллаштирган». Натижада, Абдиров 2018 йили амнистия асосида озод қилинган.
Шу йилнинг сентябрь ойида у 17 ёшли Айсулуу Мукашеванинг ўлдиргани учун ҳибсга олинган. Бу иш шунчалик шов-шувга сабаб бўлганки, натижада Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўлим жазосини тиклашни буюрган.
Сўроқ пайтида Абдиров ва унинг яқин қариндошлари унинг муддатидан олдин озод қилинишига имкон берувчи коррупцион схемани тан олишган ва уни батафсил баён қилишган. Натижада, унинг адвокати судяларга пора берганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Ўз навбатида, Судялар кенгаши собиқ ҳамкасбларини жиноий жавобгарликка тортишга рози бўлган. Шуниси эътиборга лойиқки, учаласи ҳам илгари коррупцияга қарши текширув доирасида ишдан бўшатилган бўлган.
Бранчаева, Мамбетали ва Абакировга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 336 («Коррупция») ва 352 («Адолатсиз ҳукм ёки бошқа суд актини чиқариш») моддалари бўйича айблов қўйилган. Прокурор ҳам 336-модда бўйича айбланмоқда.
ℹ️ Айсулуу Мукашева 2025 йил 27 сентябрь куни Иссиқкўл вилоятида ўлдирилган. Абдиров 17 ёшли қизни йўлда машинасига ўтқазиб, олма боғига олиб бориб зўрлаган ва кейин уни Жениш қишлоғига олиб борган ва у ерда яна зўрлаган. Кейинчалик у Айсулууни бўғиб ўлдирган ва жасадини Боом дарасида яширган. Полиция жиноятчини видеокузатув камералари орқали аниқлаган ва уни Бишкекда ҳибсга олган.
Сўроқ пайтида Абдиров бир нечта аёлларни, жумладан, Қирғизистон собиқ Бош прокурорининг амакиси билан алоқаси туфайли кенг шов шувга сабаб бўлган 19 ёшли Камила Дуйшебаевани зўрлаб, сўнг ўлдирганини тан олган.
Абдировнинг тирик қолган жабрланувчиларидан бири сўроқ пайтида унинг айтган сўзларини эслаган: «Қандай қилиб озод бўлишга муваффақ бўлдинг? Сендан олдин ҳеч ким буни уддалаш олмаганди». Бу сўзлар терговчиларни жиноятчи илгари ҳам тажовузлар содир этган деб ўйлашга мажбур қилган.
Тергов шуни кўрсатадики, Абдировнинг қурбонлари уни такси ҳайдовчиси деб ўйлаб, машинасига ўтирган қизлар ва ёш жувонлар бўлган. Жиноятлар асосан тоғли ҳудудларда ва шаҳарлар чеккасида содир этилган.



