Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет) ҳаво сифатининг пасайиши ҳақида ҳар куни огоҳлантиришлар беришни ва аҳолига очиқ ҳавода ниқоб тақишни тавсия қила бошлади.
Жумладан, 20 ноябрь куни автоматик мониторинг станциялари маълумотларига кўра, Тошкент ҳавосидаги майда заррачалар (РМ10) даражаси кубометр учун 299 микрограммни ташкил этган, бу рухсат этилган максимал концентрациядан (300 мкг/м³) ошмаган. Бироқ, РМ2.5 даражаси 202 мкг/м³ га етган, бу стандартдан 3,4 баравар (60 мкг/м³) юқори.
Ўзгидромет ҳавода ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг ошиши атмосфера инверсиясини келтириб чиқарувчи тўсатдан ҳарорат ўзгариши билан боғлиқлигини тушунтиради — бу жараёнда ифлослантирувчи моддалар ҳавонинг пастки қатламларида чўкади. Агентлик ноқулай об-ҳаво шароитлари яна бир неча кун давом этишини таъкидлайди. Ўзбекистон аҳолиси ва меҳмонларига очиқ ҳавода вақтларини чеклаш ва ҳимоя ниқобларини тақиш тавсия этилади.
10 ноябрдан бошлаб агентлик ўзининг Telegram-каналида шаҳар хариталари билан бирга Тошкентдаги РМ2.5 ва РМ10 заррачалари концентрацияси ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда жойлаштира бошлади. Gazeta.uz таъкидлашича, Ўзгидромет илгари фақат ўртача йиллик ифлосланиш даражасини эълон қилар эди.
Ўзбекистон учун РМ2,5 нинг рухсат этилган чегаравий даражалари 2024 йил май ойида Санитария қоидалари ва нормалари (0053−23-сонли СанҚваН) билан тасдиқланган. Турли мамлакатларда улар турлича. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларга ҳаводаги PM2,5 нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача кунлик миқдори 15 мкг/м3, PM10 мос равишда 15 ва 45 мкг/м3 дан ошмаслигини тавсия қилади.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, ҳар йили совуқ об-ҳаво бошланиши билан қаттиқ ёқилғи истеъмоли ошиши билан ҳаво ифлосланишининг ортиши қайд этилади. Фабрика ва заводлар, шунингдек, иссиқхоналар кўмирнинг энг фаол истеъмолчилари ҳисобланади.
Иссиқхоналар фаолияти жамоатчилик ва маҳаллий ҳокимият органларининг алоҳида танқидига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Тошкент расмийлари ҳаво ифлосланишида иссиқхоналарни айблайдилар. Пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудларда ўтказилган текширувлардан сўнг, 100 дан ортиқ иссиқхоналар фаолияти экологик хавфсизлик талабларини бузгани учун тўхтатилди. Эллик саккизта иссиқхона эгаси маъмурий жавобгарликка тортилди.
Экологик вазиятни яхшилаш масаласи президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам муҳокама қилинди, у соҳани бошқаришда назоратни ва шаффофликни оширишга чақирди. Энергетика вазирлиги, Тошкент ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган газ ҳажмини аниқлаш, газ тақсимлаш тармоқларининг ҳолатини баҳолаш ва таъминотдаги узилишларни бартараф этиш топширилди. Устувор вазифалар қаторига — энергия тежамкор иситиш технологияларини жорий этиш, биогаз ва қуёш тизимлари каби муқобил энергия манбаларига ўтиш киради.



