Ўзбекистонда ёлланиш моддаси бўйича очилган жиноий ишлар сони уч йил ичида етти баравардан ошиб кетди

UZNEWS.UZ. сайти фотосурати

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») бўйича жиноят ишлари сони етти баравардан кўпроққа ошган — 2022 йилдаги 19 тадан 2025 йилда 139 тага. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан тайёрланган «Узоқдан изланган бахт» ҳужжатли фильмида сўз юритилади.

Махсус хизмат маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери Ўзбекистонда фуқароларнинг хориждаги қуролли можароларда иштирок этгани билан боғлиқ 338 та жиноят иши қўзғатилган. ДХХ ҳар йили ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари юзлаб фуқароларни диний экстремист ёки халқаро террорчи ташкилотларга қўшилганини, шунингдек, хорижий ҳарбий тузилмаларга ёлланма аскар сифатида қўшилганини аниқлаётганини таъкидлайди. Судланувчиларнинг аксарияти жиноий ташкилотлар билан алоқа қилганидан сўнг ёки алдов йўли орқали ҳарбий ҳаракатларга жалб қилинган. Баъзи ҳолларда моддий манфаатлар бунга сабаб бўлган.

Жиноят кодексининг 154-моддаси бўйича очилган жиноят ишлари бўйича статистика қуйидагича: 2022 йили 19 та, 2023 йили 68 та, 2024 йили 112 та ва 2025 йили 139 та иш қўзғатилган.

154-модданинг биринчи қисмига кўра, хорижий давлат ёки қуролли гуруҳ томонида жанговар ҳаракатларда иштирок этиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Иккинчи қисмга кўра (ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш) жазо етти йилдан ўн икки йилгача белгиланади.

«Фарғона» ёлланиш моддаси бўйича кўзғатилган жиноят ишлари ҳақида бир неча бор хабар берган. Масалан, жорий йилнинг октябрь ойида 55 ёшли Наманган фуқароси Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолагани ва Россия армиясида хизмат қилгани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилинди. Аввалроқ, Бухоро вилоятида туғилган 32 ёшли шахс Луганск вилоятидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ