Қозоғистон жанубида хусусий уйда содир бўлган ёнғинда тўққиз бола ва уч нафар катта киши ҳалок бўлди

7 канал фотосурати

Туркистон вилоятида (Жанубий Қозоғистон) икки қаватли хусусий уйда содир бўлган ёнғин оқибатида 12 киши, жумладан, тўққиз бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти (ФВД) хабар берди.

«Жетисай туманидаги Алгабас қишлоғидаги икки қаватли хусусий уйда ёнғин содир бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушди. <...> Ёнғинни текшириш ва ўчириш жараёнида уйдан ҳушидан кетган уч киши эвакуация қилинди ва тез ёрдам бригадасига топширилди. Ичкарида ҳалок бўлган 12 одам борлиги аниқланди, улардан тўққиз нафари бола бўлган», — дейилади хабарда.

Ёнғин 360 квадрат метр майдонни қамраб олган. Қўшниларнинг сўзларига кўра, меҳмонлар уйда бўлган, чунки эгалари бир кун олдин тадбир ўтказишган.

Ҳозирда фавқулодда вазиятлар хизмати воқеа жойида ишламоқда. Тергов бошланган ва ёнғин сабаби аниқланмоқда. «Седьмой канал» телеканалининг хабар беришича, қурбонларнинг энг кичиги 2024 йилда туғилган бола бўлган. Tengrinews.kz болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Динара Закиевага таяниб, фожиа содир бўлган уйда икки оила — ота-оналар ва болалар бўлганини хабар қилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ёнғинда ҳалок бўлганлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Ҳукумат ва вилоят ҳокимига қурбонларнинг яқин оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатиш топширилди. Давлат раҳбари шунингдек, фавқулодда вазият сабабларини текшириш учун ҳукумат комиссиясини тузишни буюрди. Унинг таркибига Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги раҳбарияти киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ