Қирғизистон президенти Садир Жапаров Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади, унда барча иш берувчилар ходимларнинг иш ҳақини фақат нақд пулсиз шаклда тўлашлари шарт этиб кўрсатилган. Республика раҳбари матбуот хизматининг хабарига кўра, бошқа қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда.
Илгари Меҳнат кодексининг 91-моддасида фақат юридик шахслар томонидан нақд пул тўловлари тақиқланган бўлса, ўзгартиришлардан сўнг ушбу қоида якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам тегишли бўлади.
Шуни таъкидлаш лозим, нақд пул билан иш ҳақини тўлаш мумкин бўлади, фақат фавқулодда ҳолат эълон қилинган тақдирдагина. Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати муайян фаолият турлари билан шуғулланувчи ёки республиканинг айрим ҳудудларидаги иш берувчиларга иш ҳақини «қоғоз» пуллар билан тўлашга рухсат бериши ҳам мумкин.
Шу билан бирга, Жапаров Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади. Жумладан, футбол соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг ёлланган ходимлари даромадлари даромад солиғидан озод қилинади. Бу шартнома асосида ишлайдиганларга тегишли. Мазкур қоида иш ҳақи, бонуслар, нафақалар, мукофотлар, компенсация, молиявий ёрдам ва бошқа имтиёзларга тегишли бўлади.
Яна бир ўзгартиришга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра давлат эҳтиёжлари учун кўчмас мулкни алмаштирадиган ёки ўтказадиган субъектлар нол ставкали солиққа тортилади.
«Қонуннинг мақсади солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги тартибларини соддалаштириш, адолатли рақобат учун шароит яратиш ва соядаги иқтисодиётни камайтиришга қаратилган», — дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарида.



