Тожикистонда мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар ўқув йили бошланганига қарамай, оммавий равишда пахта теримига жўнатилмоқда. «Азия-Плюс» хабар беришича, расмийлар буни «фермерларга ихтиёрий ёрдам» деб аташмоқда.
Жумладан, Бобожон Ғофуров туманида, Абдураим Жумаев ва Саидхўжа Урунхўжаев номли колхозлар далаларида ўнлаб аёллар, ўқувчилар ва мактаб ходимлари ҳар куни пахта теришади.
«Ҳар куни тахминан 150 бола далага чиқади. Ҳар бир болага 10 килограмм пахта териш номаси белгиланган. Агар синфда 30 бола бўлса, улар 300 килограмм теришлари керак», — дейди Котма қишлоғидаги 42-мактаб ўқитувчиларидан бири.
Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, пахта теримдан бош тортиш мумкин эмас: «шундай бўлиши керак». Гуруҳлар 10 кун давомида далага юборилади ва бу «йиғим-теримни тезлаштириш» билан изоҳланади. Иш ҳақи ҳар бир килограмм учун 1 дан 1,5 сомонигача (0,10 — 0,16 доллар), фермерлар нархни белгилайди. Урунхўжаев колхозининг ерларида худди шу иш учун пастроқ ставка — ҳар бир килограмм учун 1 сомони тўланади ва мактаб ўқувчилари, ўқитувчиларнинг суратга олишлари тақиқланади.
Спитамен туманида мактаб ўқувчилари смена бўйича ишлашади: кичик ўқувчилар тушликка қадар, катта ўқувчилар тушликдан кейин пахта теришади.
«Уйга меҳмонхонага боргандек бораман — тунайман, эрталаб ишга бораман ва ишдан кейин пахта далаларига қайтаман. Дарсларга тайёргарлик кўриш учун на кучим, на вақтим бўлади», — дейди Спитамен мактабларидан бирининг ўқитувчиси.
Тожикистоннинг йирик шаҳарларида болалар далага юборилмайди, лекин ўқитувчилар бошқа давлат хизматчилари билан бирга йиғим-теримда иштирок этадилар. Мактаблар белгиланган режага ишчиларни тақдим этишлари шарт. Ишлай олмайдиганлар эса ўрнини босадиган ишчиларни топиши шарт.
«Ўқитувчиларимиздан бири унинг ўрнига борадиган одам учун 150 сомони (тахминан 13 доллар) тўлади», — деб хабар беришган «Азия-плюс» мухбирларига.
Хусусий мактабларда ҳам вазият шунга ўхшаш. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, улар тушлик ёки транспорт билан таминланмаган, терган килограммлари учун ҳақ тўланмайди ва пахта теримидан бош тортганларга жарима ва ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишади.
Пахта терими расмий маълумотнома олиш учун шартга айлангани ҳақида ҳам хабарлар бор: «Буви набирасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун шаҳар ФҲДЁ бўлимига борган. Унга: «Аввал 500 кг пахта териб берасиз, дейишган. Ахир, бу қонунданми?»
Конибодом туманида маҳаллий ҳокимият «президент топшириғига асосланиб» ҳар бир оила учун 500 кгдан пахта териш режасини белгилаган.
Бобожон Ғафуров тумани раисининг ўринбосари Дилором Турсунзода мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларнинг пахта теримидаги иштирокини тасдиқлайди, аммо буни «фермерларни ихтиёрий қўллаб-қувватлаш» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, расмий буйруқлар йўқ ва болалар «тушлик билан таъминланади».
Бу йили Сўғд вилоятида 49 000 гектар майдонда пахта экилган. Соҳанинг стратегик мавқеига қарамай, рентабеллик пасайиб бормоқда ва ҳосил йиғим-терими кўпроқ давлат сектори ходимлари томонидан бажарилмоқда.
Тожикистонда 2009 йилдан бери болалар меҳнати тақиқланган. Таълим тўғрисидаги қонуннинг 25-моддаси, 9-бўлимига кўра, ўқувчилар қишлоқ хўжалиги ёки таълим билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Шунга қарамай, қонун деярли ҳамма жойда бузилади, баъзан бу ҳолат фожиали оқибатларга олиб келади. Масалан, 2024 йили Бобожон Ғафуров туманида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетган ва уч киши жабрланган. 2021 йили 15 ёшли қиз трактор уриб юборганидан сўнг оламдан ўтган.



