Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга умумтаълим мактабларида фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) таълим сифатини ошириш учун 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади, деб хабар қилади ОТБ матбуот хизмати.
«Ўрта таълимда фан, технология, муҳандислик ва математика» лойиҳаси Ўзбекистон ёшларини замонавий STEM кўникмалари билан қуроллантиришга қаратилган. Ушбу ваколатлар иқтисодий ўсишнинг асосий омили сифатида кўрилмоқда, бу эса мамлакатни 2030 йилга келиб ўртача даромаддан юқори бўлган мамлакатга айлантиришга ёрдам беради.
ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа «ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг инсон капиталига сармоя киритиш ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга содиқлигини акс эттиради», деди. Унинг қўшимча қилишича, STEMни ривожлантириш орқали мамлакат янада «инклюзив, барқарор ва глобал рақобатбардош келажак» учун пойдевор қўймоқда.
Лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб 200 та умумтаълим мактаби тубдан модернизация қилинади. Улар замонавий лабораториялар, янгиланган IT инфратузилмаси, қуёш батареялари, имконияти чекланган талабалар учун қулайликлар билан жиҳозланади. Таъмирланган мактаблар кейинчалик қўшни таълим муассасалари учун ресурс маркази бўлиб хизмат қилади.
Дастур шунингдек, фанлараро ёндашув ва рақамли технологиялардан фойдаланишни таъкидлаб, олтита STEM фанлари бўйича кенг кўламли ўқитувчиларни тайёрлашни ўз ичига олади. Қизларни техник касбларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади: махсус ахборот кампаниялари ва касбга оид маслаҳат дастурлари йўлга қўйилади.
ℹ️ Ўзбекистон ва ОТБ 2021 йили «Ўрта таълимда фан, технология, муҳандислик ва математика» лойиҳасини амалга оширишга келишиб олган. Банк ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг 2026 йилгача Тараққиёт стратегиясига ҳам, ОТБнинг устувор йўналишларига, жумладан рақамлаштириш ва гендер тенглигига ҳам мос келишини таъкидлайди. Лойиҳа банкнинг мамлакатдаги бошқа таълим дастурларини, жумладан, «яшил» иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш бўйича келажакдаги сармояларни тўлдиради.
2025 йили ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги нишонланади. 1995 йили банкка қўшилганидан буён мамлакат ОТБдан 14,6 миллиард доллар кредит, грант ва техник ёрдам олди. Яқинда банк Ўзбекистон ҳукуматини давлат сектори самарадорлигини ошириш, иқтисодий бошқарувни ривожлантириш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини жадаллаштиришда қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.