Олмаотанинг «Қайрат» жамоаси УЕФА Чемпионлар лигасида илк очкони қўлга киритди

»Қайрат» — «Пафос» ўйинидан лавҳа. »Қайрат» матбуот хизмати фотосурати

Олмаотанинг «Қайрат» футбол клуби УEФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 3-турида ўз майдонида Кипрнинг «Пафос» клуби билан дуранг ўйнади ва мусобақадаги илк очкосини қўлга киритди.

«Қайрат» Испаниянинг «Реал» ва Португалиянинг «Спортинг» клубларига иккита оғир мағлубиятдан сўнг, кипрликларга қарши ўйинга нол очко билан кирди. «Пафос» Грециянинг «Олимпиакос»ига қарши ўйинда бир очкога эга бўлганди.

Учрашув олдидан экспертлар яққол фаворитни башорат қилмаган, гарчи улар меҳмонларга бироз устунлик берган бўлсалар-да, аммо бу устунлик тезда барҳам топди. Тўртинчи дақиқада «Пафос» ҳимоячиси Жоау Коррейя «Қайрат» футболчиси Луишу Матенинг юзига тепгани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Бу Чемпионлар лигаси тарихидаги энг тез қизил карточка бўлди.

Бироқ, «Қайрат» ўзининг сон устунлигидан фойдалана олмади. Қолаверса, кипрликлар тезликни пасайтиришмади ва иштиёқ билан ҳужум қилишди, мунтазам равишда хавфли дақиқаларни юзага келтиришди. SofaScore портали томонидан ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган дарвозабон Темирлан Анарбеков қозоғистонликларни бир неча бор қутқариб қолди. Ана шундай лаҳзалардан бирида зарба дарвоза тўсинига тегиши билан якунланди: тўп дарвозабон орқасидан қайтди, бироқ ҳакам голни ҳисобга олмади. Мезбонлар ҳам тек ўтиришгани йўқ: улар бир нечта голли вазиятлар яратиб, дарвоза тўсинига зарба беришди, аммо ҳисоб очилмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ