Туркманистонлик фаол Саддам Ғуломов 2023 йил охири ёки 2024 йил бошида Россиядан экстрадиция қилинган эди. У ўз ватанида 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 2024 йил баҳоридан буён ноқонуний равишда бир кишилик карцерда сақланмоқда, деб ёзади turkmen.news.
Саддам Ғуломов 2020—2021 йиллари Россияда яшаб, у ерда актёр бўлиб ишлаган вақтида ижтимоий тармоқларда Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигидаги Туркманистон ҳукумати ҳаракатларини танқид қилган. У озиқ-овқат инқирози, COVID-19 ни инкор этиш ва 2020 йил май ойида мамлакатни қамраб олган довул оқибатлари ҳақида ҳукумат сукут сақлаганини қоралаган. У ўз ватандошларини «диктатордан қўрқиш ва унга сиғинишни бас қилишга» чақирган.
Ғуломов жазони Лебап вилоятидаги LB-E/12 умумий режимдаги колонияда ўтамоқда. Маҳбусни бир кишилик камерада доимий ҳибсга ушлаб туриш Туркманистон Жиноят-ижроия кодексига зид бўлиб, бундай жазо 15 сутка билан чекланади. Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Ғуломовга алоҳида шарт-шароит яратиш буйруғи Миллий Хавфсизлик Вазирлиги (МХВ) томонидан берилган.
Фаолнинг камерасида фақат матрас ва ҳожатхона бор. Унга ташриф буюриш, хат ва пакетлар олиш, қамоқхона дўконидан озиқ-овқат сотиб олиш тақиқланади. Унга тунги соат 02:00 да ярим соат давомида очиқ ҳавода юришга рухсат берилган, Ғуломов камида икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган, шундан сўнг қамоқхона маъмурияти уни доимий назорат қилиш учун бошқа маҳбуслардан фойдалана бошлаган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари инсоннинг бир кишилик камерада узоқ муддат ушлаб туришни қийноқ, деб билади. Тurkmen.news хабарига кўра, яна бир туркман фаоли Мяликберди Алламурадов ҳам худди шу турма колониясида худди шундай шароитда сақланмоқда. Шунингдек, у ҳам 2023 йил охирида Россиядан экстрадиция қилинган.
Нашрнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Туркманистон ҳукумати режим танқидчиларини хориждан, хусусан Туркия ва Россиядан таъқиб қилиш ва ватанига қайтаришни кучайтирган. Жиноий ишлар одатда уларга қарши уйдирилади. Ғуломов ва Алламуродовдан ташқари фаол Азат Исоқов 2021 йили Россиядан экстрадиция қилинган, унинг кейинги тақдири номаълум.
БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонаси, turkmen.news нашрининг ёзишича, сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазиятдан хабардор, аммо очиқчасига изоҳ бермаяпти. 2023 йил май ойида тўрт маҳбус БМТнинг доимий координатори Дмитрий Шлапаченкога уларга босим ўтказилаётгани ва ҳуқуқлари бузилаётганлигига оид мактуб йўллаган, бироқ у изоҳ беришдан бош тортган.
Ҳукумат сиёсатидан норози ва Туркманистонда яшаётганлар ҳам таъқибга учрамоқда. Мисол учун, фуқаролик фаоли Мурат Душемов тўрт йиллик қамоқ муддати тугашига оз вақт қолганида янги уйдирма айбловлар билан айбланиб, қўшимча саккиз йилга қамалган. Ҳозирда у қаттиқ тартибли колонияда сақланмоқда.