Саудия Арабистони компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги сармоявий портфели 30 миллиард долларга етди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) раҳбари Лазиз Қудратов маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
«Алоҳида таъкидлаш керакки, бу суверен молиялаштириш эмас, яъни давлат кафолати билан берилган маблағлар эмас. Барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (FDI). Буни Саудия Арабистонининг Ўзбекистонга бўлган ишончи деб аташ мумкин», — деди Қудратов.
Айрим келишувларга ўтган ҳафта, 14 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган 7-Ҳукуматлараро комиссия ва 6-Тадбиркорлар кенгаши йиғилишларида эришилган. Учрашувларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонидан 70 дан ортиқ давлат идоралари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Саудия Арабистони делегацияси таркибида Acwa Power, Al Muhaidib Group, Vision Invest, Al Arkkan, Al Muhaidib Group, Data Volt, Riyadh Cables, Saudi Tabreed, AlBawani Holding, Miahona ва бошқа бир қанча компаниялар вакиллари бўлган.
Музокаралар якунлари бўйича энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари, туризм, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, инфратузилма қурилиши, уй-жой коммунал хўжалиги, сув хўжалиги соҳаларида 10 та икки томонлама ҳужжат ва лойиҳалар имзоланди.
Инвестицион портфелга Самарқанд вилоятида қуввати 200 МВт газ поршенли электр станциясини қуриш, Фарғона ва Жиззахда оқава сувларни тозалаш лойиҳалари, Қорақалпоғистонда сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва насос станцияларини модернизация қилиш, Янги Тошкент шаҳрида Ар-Риёд турар-жой мавзесини қуриш ва бошқалар киради.
ℹ️ 2024 йили Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 142,4 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь-август ойларида бу кўрсаткич 111,5 миллион доллардан иборат бўлди. Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги 27 та корхона фаолият кўрсатиб, 27,2 миллиард долларлик 56 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, шундан 2025 йили 900 миллион доллари ўзлаштирилди.