Россия армияси билан икки марта шартнома имзолаган Ўзбекистон фуқароси 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Россия Мудофаа вазирлиги билан икки марта шартнома тузган ва Украинадаги ҳарбий амалиётларда қатнашган Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи фуқаро 3 йилу бир ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғаллорол туман судининг иш материалларига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Маҳкум Б.М. авваллари Ўзбекистон Қуролли Кучларида хизмат ўтаган: 2010 йилдан Андижон вилоятидаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаган. 2018 йилнинг февралигача бир қанча ҳарбий қисмларда ҳайдовчи бўлиб ишлаган, шундан сўнг хизматдан бўшаб, Москвага ишлагани кетган. У 2021 йил май ойида уйига қайтган, аммо 2023 йилнинг май ойида яна Россияга қайтган.

2023 йил июль ойида Б.М. Россия армиясига ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонга жавоб берган. У бундай қарорга сабаб сифатида маошларнинг кечикиши ва қурилиш ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ молиявий қийинчиликларни кўрсатган. Ўзбекистон фуқароси ўзининг биринчи шартномасини имзолаганидан сўнг Тольятти (Самара вилояти) яқинидаги ҳарбий қисмга жўнатилган ва у ерда уч ойлик тайёргарликдан, жумладан, АК-74 автоматидан ўқ отиш амалиётидан ўтган. 2023 йил октябрь ойида у Луганск вилоятининг Мирное қишлоғига юборилган ва у ерда ёқилғи, озиқ-овқат ва кийим-кечак етказиб бериш билан шуғулланган. Унинг сўзларига кўра, у жангларда қатнашмаган.

2024 йил май ойида ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган. Ўша йилнинг июль ойида унинг шартномаси муддати тугайди ва у Россия хориж паспортини олади. Россия томонидан эълон қилинган махсус ҳарбий операцияда (МҲО) иштирокини яшириш учун у Ўзбекистон хорижга чиқиш паспортини яроқсиз ҳолатига келтиради.

Хизмат даврида Б.М. ойлик маоши олган: биринчи олти ойда ҳар ойига 43 500 рублдан, кейинги олти ойда ҳар ойига 210 000 рублдан. У ушбу маблағлар ҳисобига Калуга вилоятининг Думиничский туманида икки хонали квартира сотиб олган.

Биринчи шартнома муддати тугагач, у Москвадаги қурилиш ишларига қайтади, аммо 2025 йил февраль ойида яна иш ҳажми қисқаришига дуч келиб, Россия Мудофаа вазирлиги билан иккинчи шартномасини имзолайди. Бу сафар у Севастополдаги денгиз мудофаасига ихтисослашган ҳарбий қисмга юборилади. У ерда Б.М. Украина дронларидан қандай ҳимояланиш бўйича кўрсатмалар олади. 2025 йил март ойида тиш оғриғини баҳона қилиб, даволаниш учун Москвадаги ҳарбий госпиталга боради ва Ўзбекистонга қайтишдан олдин деярли бир ой ўша ерда бўлади.

Б.М. маҳаллий аҳолидан бири унинг Россия армиясида хизмат қилганини маълум қилганидан сўнг қўлга олинган. Текширув давомида маълум бўлишича, Б. М. хизмат даврида «Жанговар ҳаракатлардаги иштироки учун», 2-даражали «Жасорат учун» ва «Махсус кучлар» медаллари билан тақдирланган.

Суд мажлисида Б. М. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган ва қилмишидан пушаймон бўлганини айтган. Суд бошқа давлат фуқаролигини олиш Ўзбекистон фуқаросини миллий қонунчиликка кўра жиноий жавобгарликдан озод этмаслигини таъкидлаган. Суд ҳукм чиқаришда енгиллаштирувчи ҳолатлар – ўз айбига иқрорлиги, тўрт нафар фарзанди ва кекса ота-онаси борлигини инобатга олган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми («Ёлланиш») ва 228-моддаси 2-қисми «а» банди («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш») билан жазо тайинланган. Б. М. жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди.

  • Тошкентда Gastro Fest 2025 бўлиб ўтди

  • Марказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар