Қозоғистон ИИВ спиртли ичимликлар савдосини чеклашни таклиф қилди

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда спиртли ичимликлар савдосига бир қатор чекловлар жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда вазир Ержан Саденов Мажилисда (парламент қуйи палатаси) ҳукумат соати чоғида маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Мулозимга кўра, Ички ишлар вазирлиги спиртли ичимликларни фақат алкомаркетларда сотишни таклиф қилди. Бундан ташқари, вазирлик спиртли ичимликларни онлайн сотишни тўлиқ тақиқлашни, лицензиялаш қоидаларини кучайтиришни ва уларнинг сонини чеклашни кўзлайди. Вазир, шунингдек, кўнгилочар масканлар учун чекловлар киритишни ҳам айтиб ўтди:

«Кўнгилочар масканларда спиртли ичимликлар сотиш соатларини чеклаш зарурати туғилмоқда. Ушбу жойларда 1400 дан ортиқ жиноятлар, жумладан, учта қотиллик маст ҳолда содир этилган», — деди у.

Шу билан бирга, Саденов ҳозирда айрим давлат идоралари бундай ёндашувларни қўллаб-қувватламаслигини айтди. «Бу ерда, биринчи навбатда, фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлигини асраш манфаатларини ҳисобга олишимиз керак, деб ҳисоблайман», — деди у.

Саденовнинг қўшимча қилишича, мамлакатда хушёрхона марказлари етишмайди, атиги 38 таси 699 ўринга эга. Яна 32 та марказ очиш режалаштирилган, бироқ олтита ҳудудда бу иш якунига етмаган. Бундан ташқари, вазирнинг сўзларига кўра, гиёҳвандлар учун махсус даволаш муассасалари етишмайди. Мамлакатда атиги 20 та клиника ишлайди, яна 14 та клиникага эҳтиёж бор.

Қозоғистонда бир неча босқичда алкоголли маҳсулотларни сотиш қоидалари кучайтирилди. 2014 йили мамлакатда спиртли ичимликларни сотиш соатлари чекланди. Дўконларда 21:00 дан 12:00 гача кучли спиртли ичимликларни, 23:00 дан 8:00 гача камалкоголли ичимликларни сотиш тақиқланди.

2020 йили 21 ёшгача бўлган шахсларга спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди (илгари чекловлар фақат 18 ёшдан кичик бўлганларга нисбатан қўлланилган).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ