Россия музейи ходимлари Ислом цивилизацияси марказидаги мультимедиа ечимларига ҳавас қилишди

Татьяна Емельяненко. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Тарих фанлари доктори, Россия этнография музейи етакчи илмий ходими Татьяна Емельяненко Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўзбекистоннинг маданиятга оид сиёсатини анчадан бери кузатиб келасиз. Сизнингча, унинг ўзига хос хусусияти нимада?

— Бу маданий тараққиёт ва мамлакат тақдимоти учун узоқ муддатли ва изчил йўналишдир. Бир неча йиллар, балки қарийб ўн йилдирки, Ўзбекистон халқаро майдонда мунтазам равишда ўзини намоён этиб, тарихи ва замонавий маданий ҳаётининг энг сара қирраларини намойиш этиб келмоқда.

— Ушбу тизимли ёндашув нималарда намоён бўляпти?

— Йирик, узоқ муддатли лойиҳаларда. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги альбомларни чоп этиш, конгресслар ўтказиш, дунёнинг турли давлатларидан мутахассисларни таклиф этиш шулар жумласидандир. Ҳа, бу қимматга тушади, лекин у маҳаллий маданиятни чин дилдан севадиган ва ўрганадиган одамларни бирлаштиради. Натижада халқаро миқёсда юқори обрўга эришилди. Мен 2015 йилдан буён бу жараёнда иштирок этаман ва сифатнинг барқарор яхшиланаётганини кўряпман.

— Янги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида кўп гапирилди...

— Муҳокамалар анчадан бери давом этмоқда. Ҳатто ўтган йили бизни қурултойга бинога олиб келишганда ҳам қурилиш қолдиқлари бор эди. Конгресснинг ўзида бўлажак марказ концепцияси муаллифлари сўзлашди – ўшанда бу ҳали пишиб етмаганди. Ҳамма буни тушунди ва уни жиддий равишда такомиллаштиришга рози бўлишди. Бироқ, қисқа вақт ичида бунчалик яхши бажарилишини ҳеч ким кутмаган эди.

— Айнан нималар «яхши» бажарилган? Архитектура, кўргазма, технология?

— Биринчи навбатда, музейнинг мазмуни ва технологияси. Мен музей мутахассисиман ва шуни айта оламан: мультимедиа ечимлари ажойиб; биз кўпинча Россияда бундай нарсаларни орзу қиламиз. Асосий куч — бу болалар таълимига эътибор: заллар, кўргазмалар ва тақдимот усуллари — буларнинг барчаси маърифатга ёрдам беради. Кучли давлатни истасангиз, таълимни кучайтиринг. Бу ерда у ҳар бир деталда сезилади.

— Сизни ташвишга солган нарса борми?

— Мен «таши ялтироқ» бўлишидан қўрқгандим: маъносиз товланишдан. Яхшиямки, бунинг акси бўлди — гўзаллик маъно билан бирлашди. Биз хонликларга бағишланган кўргазмани интиқлик билан кутяпмиз, у ўтиш жойлари — музей заллари орасида жойлаштирилиши режалаштирилган.

— Балки бу даврни темурийлар Ренессансидан кейинги таназзул даври деб аташ маъқулдир?

— Буни «деградация» деб белгиламаслик керак. Империя маконининг емирилишидан сўнг (Темур, Шоҳрух, кейинроқ Улуғбекни эсланг) Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари вужудга келди. Улар кўпинча «ўзлари балан чекланди» маҳаллий хусусиятларини таъкидлаган ҳолда ва алоқаларни, жумладан, тарихан мансуб бўлган Эрон дунёси билан ҳам йироқлашди.

— Бу «ёпиқлик» объектларда қандайдир тарзда намоён бўлганми?

— Ҳа. Шунинг учун ҳам бугун биз «Хива», «Қўқон» ва «Бухоро» либосларини — кесими, матоси ва безаклари бўйича ишонч билан ажратамиз. Агар сиз Бухоро ёки Ҳирот миниатюраларини кўрсангиз, вақт ўтиши билан кийимлар ўзгарганини кўришингиз мумкин — туркий элемент олдинги Эрон либосида визуал тарзда ҳукмронлик қила бошлаган. Ўша даврнинг ҳақиқий либослари ҳақида хулоса чиқариш қийин — деярли ҳеч бири омон қолмаган — лекин иконография буни очиб беради.

— Марказга қайтсак: унинг концептуал қийматини қандай ифодалаган бўлардингиз?

— Ислом «шунчаки дин» сифатида эмас, балки кўплаб халқларнинг асрлар давомидаги цивилизация тажрибаси сифатида тақдим этилган. Муҳими шундаки, Марказ маданиятнинг аввалги қатламларини «инкор этмайди», масалан, зардуштийликни «ножоиз» деб белгиламайди, балки давомийликни кўрсатади: Ислом ўзидан олдинги нарсаларнинг кўпини ўзлаштирган. Менимча, бу ёндашув услубий жиҳатдан асосли.

— Икки оғиз хулосангиз?

— Ўзбекистон ўзининг маданий «витринаси» ва эксперт ҳамжамиятларига изчил сармоя киритяпти ва шу боис унинг халқаро нуфузи ортиб бормоқда. Ислом цивилизацияси маркази олдинга қўйилган ажойиб қадамдир: илғор технологиялар, таълимга тўғри йўналтирилганлик ва маданий узлуксизликка чинакам содиқлик. Яқин келажакдаги вазифалар — «мураккаб» экспонатларнинг илмий тадқиқотларини қиёмига етказиш. Шунда лойиҳа нафақат шакл жиҳатидан, балки тақдим этган далиллар даражасида ҳам эталонга айланади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.