Россия нашриёти Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига илк босма Қуръон нусхасини совға қилди

Совғани топшириш маросими. cisc.uz сайти фотосурати

Россиянинг «Медина» нашриёт уйи Ислом цивилизацияси марказига китоблар тўплами, жумладан, биринчи босма Қуръон нусхасини совға қилди. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Қуръони Каримнинг мазкур нусхаси 1787 йили Санкт-Петербургда, Екатерина II саройида мусулмонлар томонидан чоп этилган. Нашр энг қадимги тўлиқ ўлчамли босма мусхафлардан бири ҳисобланади: у махсус қуйма металл шрифтда терилган, бу ишга татар олими ва хаттоти Усмон (Мулла) Исмоил жалб қилинган. Биринчи нашри тахминан 1200 нусхани ташкил этади, XVIII аср охиригача у бир неча марта қайта нашр этилган.

Бу нашрлар ислом матбаа тарихида муҳим босқич бўлиб, XIX асрда «Қозон» оммавий нашр анъанаси йўналишини белгилаб берган. 1787 йилги Қуръон ё «мусулмонлар раҳбарлигида» биринчи босилган ёки XIX аср бошидаги «мусулмон» босма нашрларининг пешвоси ҳисобланади.

Совға Тошкентда «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси» халқаро форуми доирасида топширилди.

«Ислом цивилизацияси марказига бундай тўпламни тақдим этиш биз учун катта шараф. Бу ҳадя орқали биз илмий ва маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашни, Марказ фаолияти орқали ёш авлодга тарихий меросни етказишда ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз», — деди «Медина» нашриёти раҳбари Иляс Садури.

ℹ️ «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси» мавзуидаги форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.