Қирғизистонлик мутахассис илк бор немис клубида мураббийлик қилади

Виктор Майер (чапда) ёрдамчиси билан. GN сайти фотосурати

Қирғизистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Виктор Майер футболдаги фаолиятини якунлади ва Германиянинг олтинчи тоифадаги «Форвертс» (Нордхорн) клуби бош мураббийи лавозимини эгаллади, деб хабар беради GN нашри.

Майер 2023 йил ёзида «Форвертс»га Майкл Вестернинг ўйинчи ёрдамчиси сифатида қўшилганди. Вестер шу йилнинг кузида истеъфога чиқди ва УEФА Pro B+ мураббийлик лицензиясини тугатган Майер ушбу лавозимни эгаллади. Қирғизистонлик мураббий қўл остида ўзининг илк учрашувида «Форвертс» лига пешқадами «Мюлен»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Виктор Майер Ғарбий Европада профессионал жамоани бошқарган биринчи қирғизистонлик мураббий бўлди.

Майер футболдан ташқари банк соҳасида ҳам ишлайди. «Фарғона» хабарига кўра, мураббийлик вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, у ҳафтасига 80 соатгача ишламоқда.

ℹ️ Виктор Майер —Ўш вилоятида туғилган. Болалигида у оиласи билан Германияга кўчиб ўтган ва у ерда профессионал футболчи сифатида шаклланган. У турли ёшдаги немис ёшлар терма жамоаларига чақирилган, немис клубларида, шунингдек, Голландиянинг «Эммен» жамоасида ўйнаган. 2015 йилдан буён Қирғизистон терма жамоасида ўйнаб келмоқда. У икки марта ҳал қилувчи ўйинларда гол уриб, терма жамоага Осиё Кубогига йўлланмани қўлга киритга ёрдам берган, аммо турнирда ўзи бирор марта ҳам иштирок этмаган. 2019 йили у жароҳат олади ва мамлакат футбол раҳбарияти буйруғи билан таркибни ёшартиришни бошлаган мураббийлар штаби қарори билан 2023 йилги таркибга киритилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ