Allied Biofuels хориж компанияси Хоразм вилоятининг Тўпракқалъа туманида 5,9 миллиард долларлик экологик тоза авиаёқилғи ишлаб чиқарувчи завод қуради. Объект Марказий Осиёдаги биринчи тўлиқ интеграцияланган биоқайта ишлаш заводи бўлади, дея хабар беради компания «Газета.uz» нашрига.
Лойиҳа бўйича шартнома Хива шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида компания раҳбари Альфред Бенедикт ва Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов томонидан имзоланди. Жумладан, ҳужжатга кўра, вилоят ҳокимлиги завод учун ер ажратиб, саноат объектини сув билан таъминлашга ваъда берган.
Завод йилига 382 минг тонна барқарор авиаёқилғи (SAF), 152 минг тонна электро-синтетик SAF (e-SAF) ва 11 минг тонна қайта тикланувчи («яшил») дизель ишлаб чиқариши режалаштирилган. Охиргисини ишлаб чиқариш 2 ГВт қувватга эга электролизёрлар ёрдамида олинадиган водород ҳисобига таъминланади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2030 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича миллий иқлим стратегиясига мос келиши таъкидланади.
«Ноль ажралмали ёқилғи ишлаб чиқаришнинг саноат миқёсида йўлга қўйилиши транспорт ва саноатда қазилма ёқилғидан фойдаланишни камайтиради, иссиқхона газлари ажралиб чиқишини қисқартиради ва мамлакатнинг «яшил» энергетикага ўтиш жараёнини тезлаштиради», — дейди Allied Biofuels вакиллари.
Бенедикт ўзбек расмийлари билан имзоланган шартномани шарҳлар экан, шартномани компания учун «тарихий воқеа» деб атади. Раҳимов, ўз навбатида, тадбиркорга танлови учун миннатдорлик билдириб, мазкур лойиҳа Хоразмнинг «яшил» энергия маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши, юзлаб иш ўринлари яратилиши, вилоят иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади.
Allied Biofuels хориж компанияси Ўзбекистонда июль ойида рўйхатдан ўтган. Унинг раҳбари Альфред Бенедикт айни пайтда Австралиянинг Allied Green Ammonia компаниясининг ҳам бошлиғи ҳисобланади.
Апрель ойида Ўзбекистоннинг Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ушбу компания билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганди. Ўшанда Марказий Осиё давлатида қайта тикланадиган энергия ва биомассадан фойдаланган ҳолда карбамид, авиация ёқилғиси ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқарадиган завод қуриш режалари муҳокама қилинган эди. Таъкидланишича, хорижий компания лойиҳага 5,5 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр.
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Хоразм вилояти ҳокимияти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга австралиялик ҳамкорларнинг Тўпракқалъа туманида экологик тоза авиа ёқилғиси ва «яшил» дизел ёқилғиси ишлаб чиқарувчи завод қуриш ниятида эканини маълум қилганди. Бироқ, ўшанда сармоя 820 миллион долларни ташкил этиши айтилганди. Шунингдек, заводни электр энергияси билан таъминлаш учун 5500 гектар майдонга 4 ГВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш зарурлиги қайд этилганди.