Қирғизистон президенти Садир Жапаров 30 ноябрга белгиланган Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари учун навбатдан ташқари сайловларни шахсан ўзи назорат қилишини ва сайлов жараёнининг максимал шаффофлигини таъминлашини расман маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
«Мен бу сайловларни бошидан охиригача ҳакам сифатида кузатиб бораман. Агар бирон-бир туманда ноҳақ ҳаракатлар аниқланса, МСК мажлисида шахсан иштирок этаман ёки комиссия тузиб, ишончли вакилларимни юбораман. Ҳар бир иш адолатли кўриб чиқилади», — деди президент 30 сентябрь куни халққа қилган мурожаатида.
Жапаровнинг тушунтиришича, муддатидан олдин сайлов ўтказиш тўғрисидаги қарор келажакда «қўшалоқ сайловлар»га барҳам бериш ва Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси юкини камайтириш, шунингдек, келаси йилги халқаро тадбирлар – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити ва Жаҳон кўчманчилар ўйинлари олдидан барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Жапаров Қирғизистон сайлов тизимидаги туб ўзгаришларга ишора қилди.
«Биз эски сайлов тизимини бекор қилдик. Энди ҳамма нарса рақамли бўлади. Сайлов участкасига бориб, рўйхатдан ўтганингизда, компьютер сизга бюллетен беради. Номзодни танлайсиз ва бюллетенни автоматлаштирилган қутига ташлайсиз. Автоматлаштирилган сайлов қутиси дарҳол сизнинг овозингизни ёзиб олади ва овоз бериш тугашини кутади. Овоз бериш тугаши билан — соат 20:00да, тегишли тугма босилгандан сўнг, қути ҳар бир номзод қанча овоз олгани ҳақида маълумот беради. Бундан ташқари, бюллетенлар қутидан олиниб, кузатувчилар иштирокида қўлда саналади, бу бюллетенлар бир йил давомида архивда сақланади», — деди президент.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон МДҲда сайлов жараёнини тўлиқ рақамлаштирган ва автоматлаштирган биринчи давлат бўлган.
Жапаров аёллар учун янги квотани алоҳида таъкидлади — ҳар бир туманда депутатлик ўринларининг учдан бир қисми улар учун ажратилган, унинг фикрича, дунёда бунинг анологи йўқ.
Президент одамларни овоз сотиш ва популистларни қўллаб-қувватлашдан қочиб, муносиб вакилларга овоз беришга чақирди.
«Йўллар, мактаблар, боғчалар қураман, «осмондан Ойни олиб бераман» каби ваъдаларга ишонманг. Депутат ҳеч нарса қурмайди — улар қонунлар ёзади, уларнинг ижросини назорат қилади, халқ билан ҳукумат ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилади, тумандаги муаммоларни аниқлайди, уларнинг ечимига кўмаклашади, сизнинг овозингизни сотиб олган депутат сизга ҳам, давлатга ҳам ишламайди — сайловга сарфланган маблағини қайтариб олиш учун беш йил давомида ўзи учун ишлайди», — дея тушунтирди Жапаров.
Президент мустақилликнинг 30 йили ичида мамлакатда учта давлат тўнтариши содир бўлганини, буларнинг барчаси сайловлардаги фирибгарликлар билан боғлиқлигини эслатди. Жапаров овоз бериш жараёнида инсон омилини бартараф этиш янги инқирозлар олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. У давлат хизматчилари, ўқитувчилар ва шифокорларни ишдан бўшатиш ва қонунбузарлик учун жавобгарлик билан таҳдид қилган ҳолда сайлов жараёнига аралашмасликка чақирди.
ℹ️ 25 сентябрь куни еттинчи чақириқ Жогорку Кенеш депутатлари парламент ва президентлик сайловлари ўртасидаги вақтни (иккинчиси 2027 йил январига белгиланган) узайтириш мақсадида ўзларини тарқатиб юборишга қарор қилишди. Бўлажак сайловлар Садир Жапаров жорий йил июнь ойида имзолаган Конституциявий қонун билан тасдиқланган янги тизим бўйича ўтказилади. Мамлакат бўйлаб ўттизта кўп мандатли ҳудудий сайлов округи тузилади, ҳар бир округдан учтадан номзод овоз беришда ғалаба қозонади.