Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Наманганда бошланган «Камбағалликдан фаровонлик сари» III Халқаро форумидаги нутқида унинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берди. Давлат раҳбарининг нутқи форум сайтида эълон қилинди.
Давлат раҳбари дунёда кузатилаётган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик, иқлим ўзгаришлари таъсирида глобал иқтисодий ўсиш секинлашгани, оқибатда камбағал аҳоли сони ошганига эътибор қаратди.
Шундай экан, ислоҳотлар ўтказишга зарурат туғилди. Мамлакатда етти устувор йўналишдан иборат «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ишлаб чиқилди.
Биринчидан, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда. Ўтган йили 35 миллиард долларлик инвестициялар 9 мингдан ортиқ янги корхоналарни очишга ва 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўринларини яратишга ёрдам берди. Қолаверса, давлат томонидан тадбиркорларга шароит яратиб берилмоқда, улар ўз навбатида кам таъминланган оилаларни доимий иш билан таъминлашга кўмаклашмоқда.
Иккинчидан, сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий «драйвери» бўлиб қолади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиниши таъкидланди. Бундан ташқари, давлат уларнинг чет тилларини ўрганиш ва касб-ҳунарга ўргатиш харажатларининг 80 фоизини қоплайди.
Учинчидан, аёлларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш. Айни пайтда талаба қизларга фоизсиз ўқиш кредитлари тақдим этилмоқда, магистратурада бепул ўқиш имконияти мавжуд. 2024 йили аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга 1,5 миллиард доллар ажратилган бўлса, жорий йил охирига қадар 2 миллион нафар аёлни доимий даромад билан таъминлаш режалаштирилган.
Тўртинчидан, инсон саломатлиги муҳофаза қилиниб, унинг имкониятлари тўлақонли юзага чиқарилмоқда. Жумладан, 140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилиб, улар йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.
Бешинчидан, манзилли ижтимоий ҳимоя. Ислоҳотлар доирасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиб, барча шаҳар ва туманларда «бир дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатувчи «Инсон» марказлари очилди. Натижада ўтган йили мамлакатнинг 2,7 миллион аҳолиси қўллаб-қувватланди.
Олтинчидан, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароит яратиш – кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам. Инфратузилмани яхшилаш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурида мингдан ортиқ шароити оғир маҳаллалар иштирок этмоқда. Бу эҳтиёжлар учун жорий йилда 400 миллион доллар ажратилди. Шу билан бирга, сув таъминоти, йўллар, мактаб ва болалар боғчалари қурилиши лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Еттинчидан, давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланмоқда. Бундай чора-тадбирлар кенг кўламли сармояларни талаб қилади: ривожланаётган мамлакатлар ҳар йили 4 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлайди. Шу сабабли, камбағалликка қарши курашиш учун янги, янада самарали молиявий архитектура зарур.
Президентнинг сўзларига кўра, ислоҳотлар 7,5 миллион кишини камбағалликдан чиқарган, ўтган йили камбағаллик даражаси 8,9 фоизга тушган. Жорий йил охиригача бу кўрсаткични 6 фоизга камайтириш мақсад қилинган. Мутахассисларнинг башорат қилишича, аҳоли жон бошига даромад 3500 долларга етиши керак.
«Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти. Шуларни инобатга олиб, бугун янги, янада юқори маррани белгилаб олишга тайёрмиз. 2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор ва биз буни, албатта, уддалаймиз», — деди Мирзиёев.