Наманган вилояти Чортоқ туманини туристик хабга айлантириш учун 50 миллион доллар ажратилади

yuz.uz сайти фотосурати

Наманган вилоятининг Чортоқ тумани бутун йил давомида хизмат кўрсатадиган водийнинг туризм хабига айлантирилиши учун 50 миллион доллар ажратилади. Бу ташаббус Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари вилоятнинг энг жозибали туристик ҳудудларидан бирининг салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганини таъкидлади. Онлайн маълумот ва меҳмонхоналарни брон қилиш каби асосий хизматлар етарли даражада ривожланмаган, маданий-кўнгилочар масканлар деярли йўқ. Шу боис Чортоқ инфратузилмасини ривожлантиришга сармоя киритиб, сайёҳларнинг йил давомида ҳудудга ташриф буюриши учун шароит яратишга қарор қилинди.

«Фурқат» истироҳат боғини ҳам жорий йили Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида реконструкция қилиш ва кенгайтириш режалаштирилган. Чортоқсой бўйлаб ўн бир километр пиёдалар ва велосипед йўллари қурилади.

Ҳокимият Чортоқсой дарёси ва Катта Наманган каналининг 7 километр соҳилини ҳам бетонлаш, 30 гектар фойдаланишга яроқли майдон яратишни режалаштирмоқда. Бу ерда кўп йиллик боғлар билан уйғунлашган йирик курорт иншоотлари барпо этилади.

«Чортоқ» сув омбори атрофидаги 60 гектарда туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади. Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм мажмуаси барпо этилади.

Ислоҳотлар штабига вилоятдаги хушманзара жойлар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди. Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади.

Умуман олганда, туризм соҳаси вилоят иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Жорий йил бошидан буён вилоятга 1,2 миллион хорижий ва 2 миллион маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Ҳисобот даврида ушбу соҳадаги даромад 200 миллион доллардан ортиқни ташкил этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ