Хоразм вилоятида жорий йил бошидан буён 100 минг нафар кам таъминланган фуқаро иш билан таъминланди. Бу ҳолат вилоятда камбағаллик даражасининг 12 фоиздан 6,8 фоизга камайганига таъсир кўрсатди ва бу мамлакатдаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда вилоятни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёевга ахборот берилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Маҳаллий мутасаддиларнинг таъкидлашича, табиий ресурсларнинг чекланганига қарамай, таркибий ўзгаришлар туфайли Хоразм иқтисодиёти ижобий динамика кўрсатмоқда. Ўтган саккиз йилда 2 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилинди, 25 мингдан ортиқ саноат корхонаси ишга туширилди, ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 баробар ошди.
Тошсоқа магистрал канали қайта тиклангани натижасида Хоразм учун ўта муҳим бўлган суғориш тизими яхшиланди. Амударё устида янги кўприк қурилиши вилоят аҳолисининг узоғини яқин қилди.
Бундан ташқари саккиз йилда вилоятда 660 та кўп қаватли турар жой барпо этилиб, 21 минг оила янги уйли бўлди. 4 минг 751 километр ичимлик суви ва 206 километр канализация тармоғи қурилди, 580 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.
Аммо вилоят бу билан тўхтаб қолмайди, шу мақсадда бу ерда янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ислоҳотлар штаби ташкил этилган.
Жумладан, Урганч туманида чиқиндиларни ёқиб электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қурилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳага Жанубий Корея инвесторлари 100 миллион доллар сармоя киритади.
Австралия компанияси 820 миллион доллар инвестиция киритиб, Тупроққалъа туманида 600 минг тонна экологик тоза авиация ёқилғиси ва 50 минг тонна «яшил дизель» ишлаб чиқариш таклифини билдирган. Корхона эҳтиёжи учун 5,5 минг гектарда 4 гигаватт қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Словакия корхонаси 170 миллион доллар ҳисобига Тупроққалъа туманида 5 минг гектарда рапс етиштириб, биоёқилғи ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштирган.
Умуман, Хоразмда 2 миллиард 400 миллион долларлик янги лойиҳалар тайёрланган. Шунингдек, шаҳар ва туманларнинг қўшимча имкониятлари ҳисобидан яна 86 миллион долларлик истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар шакллантирилган.
Шу муносабат билан президент инвесторлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб, лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди. Вилоятдаги саноат зоналаридан тўлиқ фойдаланилмаётганига эътибор қаратилди. Мирзиёев саноат йўналишларини пухта режалаштириш, бунга вилоятнинг ички салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилиш кераклигини таъкидлади. Йиғилишда тадбиркорликни ривожлантириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.