Тошкентда «Док-1 Макс» сиропи иши бўйича 3 млн донадан ортиқ қалбаки дори воситалари йўқ қилинади

МИБ матбуот хизмати фотосурати

Тошкентда «Док-1 Макс» билан боғлиқ жиноят иши бўйича мусодара қилинган 3,2 миллион донадан ортиқ дори препаратларини йўқ қилиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Ўзбекистон пойтахти бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ижро варақаси асосида қарор қабул қилинди. Йўқ қилиниши керак бўлган дорилар орасида «Док-1 Макс» сиропи ҳам бор, у Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда камида 68 боланинг ўлимига сабаб бўлган. Жумладан, 811 минг 478 дона «Док-1 Макс» таблеткалари ва 101 минг 669 дона «Док-1 Макс» сиропи, шунингдек, 2 млн. 252 минг 796 дона «Амбронол» таблеткалари, 56 минг 672 дона «Амбронол» сиропи тегишли тартибда йўқ қилинади.

Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, санитария эпидемиология хизмати, экология атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда холислар иштирокида зарарли дори воситаларини экология ва атроф муҳитга зарар етказмаган ҳолда махсус печда ёқиш орқали йўқ қилинмоқда.

ℹ️ 2022 йил кузидан 2023 йил январига қадар Ўзбекистонда болалар ўлими қайд этила бошланди, бунга Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Док-1 Макс препаратини қабул қилиш сабаб бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат ҳудудида тарқатилаётган препарат партиясида этилен гликоль топилган. Давлат хавфсизлик хизмати Док-1 Макс дори воситаси лаборатория текширувидан ўтказишда меъёрий ҳужжатлар талаблари қўпол равишда бузилгани, натижада сифатсиз дори воситаларини сотишга йўл қўйилганини аниқлаган.

ДХХ ва суд материалларига кўра, ишлаб чиқарувчи компания ва унинг ўзбек дистрибюторлари шифокорлар ва фармацевтларга дорини маҳаллий бозорда илгари сургани учун катта миқдорда пул тўлаган. 2023 йил январь ойида ҳалок бўлган болалар сони 68 нафарга етди, яна ўнлаб болалар жароҳатланди, уларнинг баъзилари ногирон бўлиб қолди.

Суд жараёнида 23 нафар айбланувчи иштирок этди. 26 февраль куни суд мазкур препаратни ишлаб чиқарган Quramax Medical компания раҳбари, Ҳиндистон фуқароси Рагвендра Пратарни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Қориев 18 йил, унинг икки ўринбосаридан бири 16 йил, яна бири 16,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Иш бўйича қолган судланувчиларга нисбатан енгилроқ жазо тайинланган.

2025 йил июль ойида Жиззах вилоятида саккиз ёшли қизалоқ «Док-1 Макс» дан фойдалангани оқибатида ногирон бўлиб, вафот этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ