Пойтахтдаги Ёшлар ижод саройида 40 ёшгача бўлган муҳандислар ўртасидаги республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Якка тартибдаги номинациялар бўйича биринчи ўринни эгаллаган 9 нафар фуқарога BYD Chazor электромобиллари топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Танлов жорий йилнинг май ойидан июль ойига қадар уч босқичда ўтказилди. Интеллектуал танловнинг бош совринлари учун 1262 нафар ёш муҳандис ўз ишларини тақдим этди. Уларнинг лойиҳалари инновациялардан фойдаланиш, самарадорлик, амалий аҳамият, ривожланиш имкониятлари каби мезонларга кўра баҳоланди.
Муҳандислик танлови учта йўналишни ўз ичига олди:
✅ «Энг яхши ғоя»;
✅ «Энг яхши лойиҳа»;
✅ «Энг яхши ихтиро».
Танлов якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати 28 нафар ғолибни аниқлади, улардан тўққиз нафарига электромобиллар топширилди. Номинациялар бўйича иккинчи ўрин ғолиблари ҳамда «Барқарор ривожланиш учун энг яхши ихтиро» номинацияси ғолибларига хорижий давлатларда тўлиқ ҳақ тўланадиган давлат стажировкалари топширилди. Учинчи ўрин соҳиблари 37,5 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланди.
Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, танловда ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни тақдирлаш маросимида вазирлик раҳбари Қўнғратбай Шарипов ва Президент Администрацияси раҳбарининг таълим тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари Хилола Умаровалар иштирок этди.
Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, мазкур танлов нафақат ёш муҳандисларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини намойиш этиш майдони, балки Ўзбекистонда илм-фан ва технологияларга эътибор кучайиб бораётганининг ёрқин намунасига айланди.
Танлов ғолиб ва совриндорларининг ишланмалари тегишли тармоқларда амалиётга татбиқ этилиши кутилмоқда.
Куни кеча Республика президенти Шавкат Мирзиёев Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида муҳандислик мактаблари ташкил этилишини маълум қилган эди. Улар университетларда қўлланиладиган замонавий ўқув дастурини амалга оширадилар. 2026 йилдан эса «Энг яхши муҳандислик мактаби» танлови давлат раҳбари совғалари билан бошланади.