Оқўрда Тўқаевнинг мамлакат обрўсига зарар етказаётган жанжалкаш аёллар ҳақидаги сўзларига ойдинлик киритди

akorda.kz сайти архив фотосурати

Қозоғистон президенти матбуот хизмати Қосим-Жомарт Тўқаевнинг жанжаллар келтириб чиқарадиган ва ёмон сўзлар ишлатиб, мамлакат обрўсига зарар келтираётган аёллар ҳақидаги сўзларига ойдинлик киритди. Бу сўзлар давлат раҳбарининг Мурожаатномасида тилга олинди ва кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Оқўрда шарҳини Tengrinews.kz нашр қилди. Унда айтилишича, президент мурожаатини эълон қилар экан, фуқароларни ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатларига «нол бардошлик» кўрсатишга чақирган.

«Шу билан бирга, давлат раҳбари «афсуски, улар (жамоат тартибини бузаётганлар) орасида аёллар ҳам борлигини таъкидлади. Баъзилар буни ҳақорат сифатида қабул қилишди, аммо бунинг маъноси бутунлай бошқача. Зеро, қадимдан гўзаллик, нафислик ва уйғунлик тимсоли бўлиб келган аёллар жанжалларга аралаша бошлаган бўлсалар, демак, хулқ-атвор маданияти инқирози чинакам жиддий тус олган», — дея тушунтиради Оқўрда.

Матбуот хизмати бу таъна эмас, балки жинси, ёши ва келиб чиқишидан қатъи назар, барчани «қўполлик ва тажовузкорликдан воз кечган ҳолда жамиятимизга одобли мулоқот маданиятини қайтаришга» даъват эканини таъкидлади.

«Йўлларда, навбатларда, вокзал ва самолётларда ва бошқа жойларда тез-тез учраётган инсонларнинг бир-бирига ҳурматсизлик ҳолатлари менталитетимизнинг бир қисмига айланмаслиги керак. Шунинг учун айтилаётган сўзларнинг мазмун-моҳияти одоб-ахлоқ, муносабатлар маданиятини шакллантириш, хушмуомалалик ва ўзаро ҳурмат ҳиссини намоён этишдан иборат бўлмоғи лозим», — дея хулоса қилади Оқўрда ва эркаклар томонидан аёлларга нисбатан қўполлик ва провокацияларга йўл қўйиб бўлмаслик лозимлигини қўшимча қилади.

Шу ўринда, Президент хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамиша эътибор қаратаётгани эслатилади. Унинг ташаббуси билан партия рўйхатида ва депутатлик мандатларини тақсимлашда аёллар квотаси белгиланди, аёлларга нисбатан меҳнатга оид камситилишларга барҳам берилди, бола парвариши бўйича нафақа тўлаш муддати бир ярим йилгача узайтирилди, оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонун қабул қилинди, сталкинг ва никоҳга мажбурлаш ҳолатларига нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Хитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида

  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган